3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар қуришда инвесторларга харажатларнинг бир қисми бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.
Президентнинг 2023 йил 26 апрелдаги қарорида мамлакатдаги меҳмонхоналар, улардаги шароитни хатловдан ўтказиб, 2023 йил 1 октябрга қадар хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда камида 50 та меҳмонхонага "тўрт юлдуз" ва 200 тасига "уч юлдуз" олиб бериш чораларини кўриш вазифаси белгиланганди.
Маданият ва туризм вазирлигининг хабар беришича, меҳмонхоналарни баҳолаш бўйича амалдаги стандарт талаблари қайта кўриб чиқилиб, янгича стандартлар ишлаб чиқилди.
Янги стандартга киритилган талаблар Hilton, Hyatt Regency Tashkent, Wyndham Hotels & Resorts меҳмонхоналарининг бизнес вакиллари ва бошқа вакиллар билан келишилган.
Янги стандартлар шу йилнинг 7 ноябридан амалга жорий этилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 январдан бошлаб 3 юлдузли тоифа учун 60 та хона, 4 ва 5 юлдузли учун 120 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга, беш қаватдан паст бўлмаган меҳмонхона 2026 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топширилган тақдирда, инвесторларнинг янги меҳмонхонани қуриш (реконструкция қилиш бундан мустасно) ва жиҳозлаш учун кетган харажатларининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Бунда 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўм миқдоридаги маблағлар қоплаб берилади.