Сурхондарё вилоят прокуратураси ҳокимнинг мақсадини тушунмади

01.09.2023 15:22

Вилоят прокуратурасининг расмий баёноти: «Жабрланувчи асоссиз равишда дарс соатларини камайтирган».

Шифохонанинг жонлантириш бўлимида жон талашаётган жабрланувчига вилоят прокуратураси “енгил тан жароҳати олган” дея муносабат билдирди.

Кеча, 31 август куни бутун Ўзбекистон халқи Мустақиллигимизнинг 32 йиллигини тантанали равишда кутиб олаётган бир вақтда Сурхондарёда вилоят ҳокимига эътироз билдирган мактаб директори Умида Турсунова ўладиган даражада калтакланди

Жабрланувчининг синглиси видеомурожаат орқали опасини қутқаришни сўраган. 

«Тез ёрдам ҳам, ички ишлар ходимлари ҳам жуда кечикиб келди. Биз ўзимиз биринчи тиббий ёрдамни бериб, шифохонага олиб келдик», — деган у мурожаатида.

Воқеа ижтимоий тармоқларни қамраб олганидан сўнг Сурхондарё вилоят прокуратураси расмий баёнот билдиришга мажбур бўлди.

«Аниқланишича, мактаб директори У. Т. мактаб ўқитувчиси Д.К.нинг дарс соатларини асоссиз равишда камайтирилганлиги сабабли, унинг турмуш ўртоғи Й.М. томонидан уриб, енгил тан жароҳати етказилган», — дейилади Сурхондарё вилоят прокуратурасининг баёнотида.

Сариосиё туман тиббиёт бирлашмасининг ташхисига кўра, жабрланувчи Умида Турсуновага бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона тепа энса соҳаси кўплаб эзилиб йиртилган жароҳатлари, иккала кўз юқори ва пастки қовоқларга қонталашиш диагнози қўйилган.

Воқеадан бехабар вилоят прокуратурасининг расмий баёнотида мана шу етказилган жароҳатлар “енгил тан жароҳати” дея таснифланган.

Баёнотдан “асоссиз равишда” дея жабрланувчининг ўзини айбдор қилиш учун ҳаракат қилганлигини ҳам англаш қийин эмас. Вилоят прокуратурасининг воқеадан бехабар дейишимизга яна бир сабаб шуки, иккинчи тараф сифатида жабрланувчини ҳатто, тинглаб ҳам кўрмаган. Ваҳоланки, тинглаб кўришнинг ҳам имкони йўқ эди. Жабрланувчи бу вақтда шифохонанинг жонлантириш бўлимида яшаб қолиш учун жон талашаётган эди.

Прокуратура баёнотида ўқитувчининг дарс соатлари асоссиз равишда камайтирилганлиги сабабли, унинг турмуш ўртоғи томонидан калтакланганлиги айтилади. Прокуратуранинг бу жумлаларидан эса “самосуд” жараёни ҳам оқлангандек кўринмоқда.

Қисқаси, Сурхондарё вилоят прокуратурасининг расмий баёнотидан жабрланувчининг нима сабабдан калтаклангани эмас, аксинча калтакланишга арзирли айб қидирилгани ва шунга алоҳида урғу берилганини англаш мумкин.

Вазиятни тўғри англаб етган Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ижтимоий тармоқлардаги миш-мишлар холис баҳоланиши учун дарҳол Сариосиё тумани томон йўлга чиққан. У шу кунни ўзида Сариосиё туман тиббиёт бирлашмасига етиб бориб жабрланувчининг даволанишини ўз назоратига олган.

Вилоят прокуратураси ҳам ҳокимнинг позициясини кеч бўлса-да англаб етиб, расмий баёнотида айбдорнинг қилмишларини енгиллаштирувчи тан жароҳатига қўшилган “енгил” сўзини ўчириб ташлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
11
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар