CNN хабарига кўра, Федерал қидирув бюроси АҚШдан бошпана сўраб Мексика орқали кирган ўндан зиёд Ўзбекистон фуқаросини тергов қилмоқда. Разведка маълумотларига қараганда, улар АҚШнинг жанубий чегарасига ИШИДга алоқадор контрабанда гуруҳи ёрдамида етиб келган.
Гарчи ИШИДнинг аниқ режасига доир бирор маълумот бўлмаса-да, бюро ўзбекистонликларни атрофлича терговдан ўтказишга қарор қилган.
CNNнинг ёзишича, шу йил бошида Ўзбекистондан келган муҳожирлар гуруҳи бошпана сўраган ва қамоқдан чиқарилгунга қадар ФҚБнинг террор рўйхати ва AҚШ жиноий маълумотлар базасида текширилган ва иммиграция бўйича суд муҳокамаларигача АҚШга қўйиб юборилган.
Кейинчалик, ФҚБ чет эл фуқароларига АҚШга саёҳат қилишда ёрдам берадиган одам контрабандаси тармоғи мавжудлиги ва бу тармоқнинг ИШИД билан алоқаси бўлган камида битта шахсни ўз ичига олганини аниқлагач, бутун мамлакат бўйлаб муҳожирларни топишни ва уларнинг келиб чиқишини текширишни бошлаган.
АҚШ расмийларига кўра, ИШИДга алоқадор контрабандачи террор гуруҳининг аъзоси эмас, балки ташкилотга шахсий хайрихоҳлик билдирувчи мустақил пудратчига ўхшайди. Ҳозирда разведка ҳамжамиятининг фикрича, у ИШИД буйруғи билан бу шахсларга ёрдам берган бўлиши даргумон.
CNN АҚШ расмийсига таяниб ёзишича, кузатилган 15 дан ортиқ (ўзбекистонлик) муҳожир ҳамон ФҚБ томонидан жиноий таҳдид сифатида текширилмоқда.
АҚШ божхона ва чегара ҳимояси маълумотларига кўра, июль ойида чегара идоралари АҚШнинг жанубий чегарасида 183 000 дан ортиқ муҳожирларга дуч келган.