Бу йил ҳам абитуриентларга тест саволлари қийин тушдими?

25.08.2023 21:20

Ўтган йилги имтиҳон натижалари ҳисобига, бу йил тест саволлари осонлаштирилдими? Сўнги йиллардаги тест синовларида катта ёшли абитурентлар иштироки ҳам кўпаймоқда. Уларга қулай алифбода алоҳида тест китоблари тайёрландими?

Rost24.uz мухбирининг ушбу саволларига Билимни баҳолаш агентлигининг бошқарма бошлиғи Зафарбек Олимбеков қуйидагича жавоб берди:

«Тест топшириқлари китоби миқдори эҳтиёжга кўра шакллантирилади. Мазмун жиҳатдан эса, ҳукуматнинг белгиланган ҳужжатларига кўра умумтаълим фанлари давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мослаштирилади. Натижа қандай бўлишидан қатъи назар, таълим стандартларида баҳолаш мезонлари белгилаб қўйилади, баҳолаш мезонларига асосан абитурентларнинг билимларини баҳолаймиз. Умуман олганда, таълим муассасаларида таълим стандартини минимал даражасини ўзлаштирган болага таълим тўғрисидаги давлат намунасидаги ҳужжат берилади. Шу сабабли баҳолаш мезонларини пасайтиришда мантиқ мавжуд эмас. Берилаётган тестларда энг содда саволдан энг мураккаб саволларгача берилади», — деди З. Олимбеков.

Шунингдек, Олимбеков охирги йилларда абитурентларнинг ёш кўрсаткичи эътиборга олинаётгани қайд этиб, ёши катта абитурентлар учун қулай алифбода алоҳида тест китобларини тайёрланганини таъкидлади:

«Вазирлар маҳкамасининг қарорига асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ҳужжатлар лотин алифбосида юритилиши керак. Бугунги кунда лотин алифбосида умумий ўрта таълим мактабини тугатган авлоднинг ёши 37 ни ташкил қиляпти, кейинги йил 38 ёшни ташкил қилади. Лекин шунга қарамасдан лотин алифбосида эмас, кирилл алифбосида топширмоқчи бўлган абитуриентларнинг сони 4 мингга яқин. Шу сабабли, бу йил ҳам уларнинг қулайлиги учун кирилл алифбосида тест топшириқлари китоби тайёрланди», — деди у.

Маълумот ўрнида, шу йил 888 минг 472 нафар абитуриент тест имтиҳонларига кирган. Шундан, 439 минг 337 нафар (49,4%) абитуриент ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 бални ҳам тўплай олмаган (Маълумки, 56,7 баллдан кам тўплаганлар квотада жой бўлса ҳам ўқишга кира олмайди). 56,7 дан кўп балл тўплаган абитуриентлар сони эса 449 минг нафарни (50,6%) ташкил қилган. Ўтган йили 51,2% фоиз, аниқроғи 550 минг абитуриент 56,7 балл ҳам тўплай олмаган эди, бу йил эса кўрсаткич 49,4% га тушганини кўриш мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар