Асакабанкдан маблағ жалб этилгани бўйича бизда маълумот йўқ – Расмий

22.08.2023 20:18

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Дори-Дармон” АКнинг аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлаш борасида кўраётган чора-тадбирлари” мавзусида матбуот анжумани бўлди. Унда “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг мутасаддилари иштирок этди.

Фармацевтика бугунги кундаги долзарб соҳалардан бири бўлиб қолгани боис ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзуларидан бири бўлиб турибди. Айниқса "Док-1 Макс" билан боғлиқ ҳолатлардан кейин бу тизим жамоатчилик эътибор марказида бўлиб қолмоқда.

Жорий йил 18 апрел куни Шавкат Мирзиёев сув хўжалиги ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди. Мазкур йиғилишда ҳам фармацевтика соҳасидаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича ечимлар берилди. Шунингдек, йиғилишда фармацевтика соҳасини ривожлантириш ва тадбиркорларга енгиллик бериш мақсадида Асакабанк соҳага инвестор сифатида жалб қилиниши ҳам айтилган эди.

Президентимизнинг мазкур топшириғи асосида Асакабанк фармацевтика ривожи учун қанча маблағ ажратганини очиқлаш учун фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига Rost24.uz томонидан савол йўлланган. Аммо саволимиз 15 кундан буён жавобсиз қолаётган эди.

"Дори-Дармон" АК мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бугунги кунгача Асакабанк томонидан фармацевтика ривожи учун қанча маблағ ажратилгани сўралди.         
                                                    
Мазкур саволга "Дори-Дармон" АК бошқарув раиси ўринбосари Абдуғани Комилов қуйидагича жавоб берди:

Абдуғани Комилов
 "Дори-Дармон" АК бошқарув раиси ўринбосари 

«Асакабанк томонидан фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича кредитлар ажратилиши белгиланган эди. Бу кўпроқ ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қилинган. Биз ҳам шу банк ходимлари билан раҳбариятимиз иштирокида учрашдик, унда кредитлар масаласини муҳокама қилдик. Кредитлар кўпроқ ишлаб чиқариш қисмига йўналтиргани учун компания томонидан Президент қарори доирасида Асакабанкдан маблағлар жалб этилмаган. Ишлаб чиқарувчилар бўйича эса бизда маълумот йўқ», – деди А.Комилов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар