Россия ҳудудида меҳнат қилаётган хорижликлар учун патент ҳақини тўрт баравар ошириш таклиф қилинаётгани, бунга оид қонунчиликка киритилган тузатиш Россия Давлат думасининг бюджет ва солиқлар бўйича қўмитасига йўллангани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Манбаси тасдиқланмаган хабарларга кўра, ҳужжатни ишлаб чиққан “Справедливая Россия” партияси вакиллари патент учун тўланадиган ҳақни 1200 рублдан 4800 рублгача оширишни таклиф қилишган.
Россия медиаси ҳозирча бу ҳақда жим. Ўзбекистон ОАВ манба сифатида бераётган рус сайти эса айни дамда очилмаяпти.
Маълумот учун, 2023 йилнинг биринчи чорагида Россияга ишлаш учун 1,3 миллион хорижлик кирган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баравар кўп.
Меҳнат муҳожирларининг асосий оқими Ўзбекистон (630 859 киши), Тожикистон (349 357), Қирғизистон (172 591), Арманистон (47 337) ва Қозоғистондан (34 783) келган.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Россияга 3,5 миллион мигрант иш излаб қарийб борган. Уларнинг 90 фоиздан кўпроғини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташкил этади.