Тижорат банкларида АҚШ долларининг сотув курси 12 минг сўмдан ошиб кетди

10.08.2023 11:30

Бугун, 10 август, соат 11:00 дан бошлаб Ўзбекистондаги тижорат банкларида АҚШ долларининг сотув курси 12135 сўмгача етди.

Марказий банк буни асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши билан боғлаб, ички валюта бозоридаги ҳолатни изоҳлашга ҳаракат қилди.

«Асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши ташқи савдо ва пул ўтказмалари канали орқали сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига олиб келди. Бу, ўз навбатида, экспорт ва пул ўтказмалари тушумлари каналлари орқали мамлакатимизга валюта тушумларига ва ички валюта бозоридаги таклиф ҳажмига салбий таъсир кўрсатди.

Натижада, ички валюта бозорида сўм алмашув курси девальвацияси суръатининг бироз тезлашиши – фундаментал омиллар таъсирида тўғриланиши кузатилди.

Марказий банк келгусида алмашув курсининг кескин қадрсизланишини олдини олиш бўйича етарли инструментларга эга бўлиб, зарур ҳолларда қўшимча интервенциялар амалга ошириш орқали тебранишлар юмшатиб борилади.

Мазкур тўғриланиш реал самарали алмашув курснинг узоқ муддатли трендига қайтишига олиб келади ва мувозанатли курс валюта тушумларини ошириш орқали бозорда таклиф ўсишига хизмат қилади. Реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади», дейилади Марказий банк хабарида.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар