Ўзбекистонда ҳар 4 лифтнинг биттаси талабга жавоб бермайди — расмий

04.08.2023 18:05

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Холматов сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида республика бўйича рўйхатдан ўтказилган 8857 та лифтнинг 2422 таси талабга жавоб бермаслигини маълум қилди. Бу Ўзбекистондаги ҳар тўртинчи лифт хавфли дегани.  

«Республикада қурилаётган кўп қаватли уйлар борми, иншоотлар борми, қабул қилиш комиссиясида бизнинг мутахассислар иштирок этаётгани йўқ. Биз бу масалани бир неча маротаба Адлия вазирлигига ҳам киритганмиз. Лекин ҳали ечимини топмаган. Республикада 8857 та лифт бизда рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 2422 та лифт талабга жавоб бермайди», — дея маълум қилган инспекция бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Холматов. 

Нега инспекция мутахассислари қабул қилиш комиссиясида иштирок этолмаяпти?

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмита раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг айтишича, амалдаги тартибга мувофиқ, кўп хонадонли уйларда ўрнатилган лифтларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ функциялар амалда иккита давлат органи – Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилиши белгиланган. Аммо бу икки тузилма ҳам ўз вазифаларини тўлақонли бажара олиш имкониятига эга эмас.

«Мисол учун, янги қурилган кўп хонадонли уй-жойларни давлат ҳайъати қабул қилиш комиссияси таркибига инспекция киритилмаган. Оқибатда лифт қурилмалари мутахассисларнинг тегишли хулосасисиз, яъни белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинмасдан ҳамда хавфсизлик томонидан кўрикдан ўтказилмаган тарзда фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, мамлакатимиздаги янги қурилган кўп хонадонли уйлардаги қарийб 400 га яқин лифт ускуналарида аниқланган камчиликлар бартараф этилмасдан фойдаланиб келинмоқда», — дея таъкидлаган Қутбиддин Бурҳонов.

«Мамлакатдаги жами 4 мингдан зиёд кўп қаватли уйларда қарийб 11 мингдан ортиқ лифт бор. Тегишли меъёрий техник ҳужжатлар талабига мувофиқ улар ҳар ойда техник кўрикдан ва 12 ойда бир марта тўлиқ техник синовдан ўтказилиши зарур. Ҳолбуки, ҳар иккала инспекциянинг ана шу биргина вазифани амалга ошириш учун ҳам моддий-техник, ташкилий ва бошқа имконияти йўқ», — деган Қутбиддин Бурҳонов.

Бурҳоновнинг қўшимча қилишича, Ҳукумат қарорига асосан 2021-2023 йиллар оралиғида жами 1685 та лифт таъмирланиши ва янгисига алмаштирилиши режалаштирилган. 2023 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 1222 та лифт таъмирланган ва янгисига алмаштирилган. Қолган 463 та лифтни белгиланган муддатда таъмирлаш ёки алмаштириш эса 2020 йилдаги ва бугунги кундаги нархлар орасидаги фарқ сабабли шубҳа остида қолмоқда.

Фото: Sputnik / Владимир Федоренко.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар