Жаҳонгир Улуғмуродовнинг жазоси озодликни чеклашга алмаштирилди.
Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълум қилди.
«Бугун Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида Ж. Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукми ва Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 17 июлдаги ажрими устидан адвокат А. Абдуллаев томонидан берилган кассация шикояти кўриб чиқилди», дейилади хабарда.
«Кассация судлов ҳайъати, иш бўйича Ж. Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириб, унинг ёшлиги, талаба эканлиги, муқаддам судланмагани, ўқиш жойидан ижобий тавсифлангани, оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, шунингдек жиноят содир этгандан кейинги хулқ-атвори каби ҳолатларни эътиборга олди.
Шу тариқа Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Ж. Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилиб, унга Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан ушбу Кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди», дейилади хабарда.
Ж. Улуғмуродовнинг 2023 йил 24 февралдан 2023 йил 28 июлга қадар қамоқда сақланган 5 ой 4 кун чегирилиб, ўташ учун 2 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланган.