Ватан олдидаги бурчни адо этиш учун бадал тўлаш адолатданми?

27.07.2023 17:11

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 64-моддасида фуқаролар ҳарбий хизматни ўташга мажбур экани белгиланган:

Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.” 

Бироқ 2003 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қонунига кўра, 1 ойлик ҳарбий хизматни ўташ учун йигитлар БҲМнинг 20 баравари - 6 600 000 сўм миқдорида бадал пули тўлаши керак. 

Фуқароларнинг Ватан олдида конституциявий бурчини адо этиши учун бадал пули олиш қанчалик адолатли? 

"Rost24.uz" сайти мухбирининг мазкур саволига Мудофаа вазирлигининг Ташкилий сафарбарлик бош бошқармаси бошлиғи, подполковник Ҳусниддин Саидов қуйидагича жавоб берди:

«Бундай тизим аҳоли сонидан келиб чиқиб жорий қилинган. Бир йиллик ҳарбий хизматга чақириладиган аҳоли сони чегараланган. Маълумки, Ўзбекистон аҳолиси кўпчиликни ташкил қилади, биз эса иложи борича кўпроқ ёшларни ҳарбий хизматга жалб қилишни истаймиз. 27 ёшгача бўлган ёшлар 1 йиллик ҳарбий хизмат ўрнига бир ойлик ҳарбий хизматга маълум миқдордаги бадал пулини тўлаб бориб келса бўлади. Бу одамларнинг ўзига ҳам қулайлик яратади. Гап бир парча қоғоз ёки ҳарбий гувоҳномада эмас, Ватан тинчлиги ҳақида боряпди. Ёшларнинг хизмати ва улар тўлайдиган пулнинг ҳаммаси Ўзбекистоннинг мудофаа салоҳиятини оширишга йўналтирилади. Бадал пули билан боғлиқ масала эса йилдан йилга такомиллаштириб бориляпти. Мисол учун, 2018 йилдан бошлаб пул миқдори БҲМнинг 27, 25 ва мана 20 баробари миқдорига туширилди», – дея жавоб берди подполковник Ҳ.Саидов.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар