Маҳалла раиси маҳалла учун ажратилган асфальтни ўзининг кўчасига ишлатиб юборди

25.07.2023 10:56

Жорий йилнинг февраль-апрель ойларида ўтказилган Ташаббусли бюджет (“Опен бюджет”) жараёнида Самарқанд вилояти, Ургут туманидаги Мухторов Абдували Ғофур ўғли томонидан киритилган “Қуйи Мўминобод” маҳалла фуқаролар йиғини ички йўлларини асфальт қилиш бўйича лойиҳа ғолиб деб топилган. (ИД: 00151348008) 

Ушбу лойиҳада Мўминобод МФЙнинг ички йўлларини, хусусан, маҳалла марказидан Хўжабтол қишлоғигача, маҳалла масжиди олдидан поликлиникагача ҳамда сув омборигача бўлган 7 км лик йўлни асфальт қилиш киритилган экан.

Бироқ, фуқаролардан таҳририятга келган шикоятга кўра, мазкур маҳалла раиси ўзининг доимий яшайдиган хонадони томондаги кўчаларни ҳам асфальт қилдириш учун юқоридаги ғолиб ташаббусда назарда тутилмаган 300 метр кўчани лойиҳа-смета ҳужжатларига қўштириб юборган экан.

“Ушбу лойиҳа-смета ҳужжатлари билан таништирилмадим, имзоларим сохталаштирилган. Ишлар айнан раиснинг уйи томондаги йўлни асфальт қилишдан бошланган ва қисқа фурсатларда асфальт қилиб тугатилган”, – деди ташаббускор Абдували Мухторов.

Бу ҳолатдан хабар топган маҳалладаги фаол фуқаролар ва ташаббускорнинг ўзи ҳам жорий йил 12 июнь куни туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ургут туман бошқармасига шикоят қилишган, бироқ ҳанузгача натижа ҳеч кимга маълум эмас экан.

Мурожаат қилинган давлат идоралари ҳам 1,5 ойдан буён сукут сақлаётгани фуқароларни янада хавотирга солмоқда. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар