Президент мактабига кириш имтиҳонида қийин саволлар тушгани рад этилди

24.07.2023 18:11

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги президент мактабларига 2023-2024 ўқув йили учун 56 745 та ҳужжат қабул қилинган. Ушбу қабул қилинган ҳужжатлар бўйича битта ўринга 169 та ҳужжат тўғри келади. Битта президент мактабига эса умумий 168 та ўқувчи қабул қилинади. 

Бу ҳолат ва имтиҳонларда саволларнинг такрорланиши, даражадан юқори саволлар берилгани ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Шунда бир ўринга 169 та ўқувчи бўлса, қолган 168 та ўқувчининг имконияти йўқолади. Қабул квоталарини кўпайтириш бўйича қандайдир режа борми?

Бундан ташқари, яқинда президент мактаблари имтиҳонининг биринчи босқичида математика фанидан 4-синфларга даражасидан юқори касрлар мавзусидан саволлар тушгани тармоқларда айтилган эди Бу 4-синф ўқувчиси учун қийин. Чунки касрлар мавзуси 5-синфда ўтилади. Бу бўйича муҳокамалардан сўнг ўрганиш ёки текшириш олиб борилдими?

Rost24.uz сайти мухбирининг ушбу саволига Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Алишер Уббиев қуйдагича жавоб берди:

Алишер Уббиев 
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори 

– Президент мактаблари республика ҳудудининг ҳар бирида биттадан бор. Иккита параллел синфга 12 тадан 24 та бола қабул қилинади.  Битта президент мактабида 168 тагина бола ўқийди. Лекин агар президент мактабига кира олмаса, тизимдаги бошқа ижод мактаблари ҳам мавжуд, бу мактаблар ҳам президент мактаблари системасида ўқитилади. Талабгорлар у ерга ҳам ҳужжат топшириб ўқиши мумкин бўлади», – деди у.

Ирода Исабаева
Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази директори 

Шунингдек, имтиҳонда даражасидан юқори саволлар берилгани бўйича Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази директори Ирода Исабаева “муҳокамалардан сўнг тестларни дарслик ва мавзуларга боғлаб ўрганилганлигини, 4-синф дарслигида берилган масалаларга монанд бўлган топшириқлар мавжудлигини, аслини олганда 2-3-синф стандартлари билан боғлангани, улар билан тўлиқ тўғри келишини, 4-синфнинг касрлари тест билан мос тушишини" айтиб ўтди.

Бундан ташқари, агентлик директори Алишер Уббиев Cambridge University Press&Assessment халқаро таълим ташкилоти билан 4 йилдан буён ҳамкорликда ишланишини, Ўзбекистондаги дастур, стандарт, дарсликлар уларга таржима қилинган тарзда юборилгани ва ушбу ташкилот мутахассислари томонидан  тестлар тузилишини, 4 йиллик тажриба давомида 4-синфдан юқори саволлар берилмаганини алоҳида таъкидлади.

Умуман олганда, Президент мактаблари имтиҳонининг саволлари ҳар қанча осон дейилмасин, умумтаълим мактабларида ўқиган ўқувчилар учун қийинчилик туғдиради. Буни “Президент мактабларига тайёрлаймиз” деган  эълонларнинг кўпиб кетганидан тушиниш мумкин.

Аксига олиб, бир ўринга 169 та талабгорнинг тўғри келиши ва улар орасидан атиги 1 дона ўқувчи қабул қилиниши ҳам мураккаб жараён ҳисобланади. Бу бўйича энг юқори кўрсаткичлар Андижон вилоятида 1 ўринга  267 та, Фарғонада 229 та Сурхондарёда 225 та, Наманган ва Самарқандда 224 та, энг паст кўрсатгичлар эса Сирдарёда 80 та, Навоий вилоятида 74 тага тўғри келмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар