Асли ўзбекистонлик олигарх Фаттоҳ Шодиевнинг жияни Қозоғистонда қамалди

22.07.2023 07:22

Қозоғистоннинг Олмали туман суди олигарх (асли ўзбекистонлик) Фаттоҳ Шодиевнинг жияни тадбиркор Орифжон Шодиевга нисбатан ҳукм чиқарди. У “Asia Credit Bank”га етказилган 16,7 миллиард тенге (36 млн АҚШ доллари) миқдоридаги зарар учун кейинги 1,5 йилини минимал режимли колонияда ўтказади, деб хабар берди Sputnik.

Тергов маълумотларига кўра, Шодиев 2019 йил апрель ойида “Asia Credit Bank” эгаси Нурбол Султон билан банк акцияларини сотиб олиш бўйича шартнома тузган. Битим шартларига кўра, Шодиев мулкдор бўлиш учун бешта компаниянинг жами 16,7 миллиард тенге кредитини тўлаши керак бўлган, тадбиркор бунга рози бўлган ва кредит мажбуриятларини ўз зиммасига олган.

Юқоридаги қарзлар учун гаров сифатида Олмаота шаҳри чегарасида жойлашган (умумий майдони 109,6 гектар) еттита ер участкасини тақдим этган. Аммо бир мунча вақт ўтгач, Орифжон Шодиев ёрдамчиси Михаил Соловёв билан бирга тўсатдан ваъдаларни ўзгартирган.

«Жиноий ниятни амалга ошириш учун Шодиев ва Соловёв  гаровга қўйилган 7 та ер участкасини ликвидлиги паст, банкнинг кредит ва гаров сиёсати талабларига жавоб бермайдиган ер участкасига алмаштириш йўли билан банк гаровидан олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилган», — дейилади суд ҳукмида.

“Asia Credit Bank” лицензиясидан айрилганидан кейингина қоидабузарлик юзага келган. Буни банкнинг тугатиш комиссияси аниқлаган.

Суд мажлисида Орифжон Шодиев ўз айбини тўлиқ, ёрдамчиси Михаил Соловёв эса қисман тан олган. Натижада, Жиноят кодексининг 250-моддаси – "Молия ташкилоти, банк ва (ёки) суғурта холдинги раҳбар ходими томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш” бўйича суд ҳукми билан Шодиевни 1,5 йилга, унинг ёрдамчиси Соловёвни эса 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

«Шодиев ўз ваколатларидан молия ташкилотининг қонуний манфаатларига зид равишда ҳамда ўзига манфаат ва имтиёзлар олиш мақсадида фойдаланган ҳолда молия ташкилотига йирик миқдорда зарар етказган», — дейилади суд қарорида.

Бундан ташқари, судланувчилар банкка етказилган зарарни тўлиқ қоплашлари шарт.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар