Кеча Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида “Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди.
Йиғилишда иштирок этган Мирзиёев Кўрфаз мамлакатлари билан алоқалар янги босқичга кўтарилганини, бугунги кунда умумий лойиҳалар портфели 20 миллиард доллардан ортганини қайд этган.
Шунингдек, Кўрфаз давлатларини минтақа билан боғлайдиган Транс-афғон темир йўлини қуриш стратегик лойиҳасида фаол иштирок этишга чақирган.
— Диққатингизни Афғонистон муаммосига қаратишни истар эдим. Бу юртда тинчлик ўрнатмасдан, нафақат минтақамиз, балки глобал хавфсизликни ҳам таъминлаш мумкин эмас», — дея яна афғон масаласига тўхталган Мирзиёев афғон халқи ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшишга ундаган.
Шу билан бирга, навбатдаги саммитни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти саммит доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув ўтказган.
Аввалроқ, ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев муқаддас Макка шаҳрига бориб, умра амалларини бажаргани ҳақида хабар қилгандик.