Қрим кўпригида содир бўлган портлашга томонларнинг муносабати

17.07.2023 12:19

Украинада жанг қилаётган Россия қўшинлари учун асосий таъминот артерияси ва Президент Путиннинг шахсан ўзи очган нуфузли лойиҳа – Қрим кўпригидаги портлашда икки киши (эркак ва аёл) ҳалок бўлди ва уларнинг қизи оғир яраланди. Портлаш 17 июлга ўтар кечаси содир бўлди, дея ёзмоқда ОАВ.

Қрим раҳбари Сергей Аксенов соат 4:21 да Краснодар ўлкасининг 145-таянч ҳудудида юз берган “фавқулодда ҳолат” туфайли кўприкда ҳаракат тўхтатилганини маълум қилди.

Россия Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, кўприкнинг Қрим томонидаги йўлаги шикастланган, аммо таянч устунлари зарарланмаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирча ҳодиса сабабларига изоҳ бермади.

Қрим парламенти раҳбари Владимир Константинов кўприкдаги портлашда Украина томонини айблади.

«Бугун тунда Киевдаги террор режими янги жиноят содир этди — Қрим кўпригига ҳужум қилди. Киевдагилар ўтиш жойининг автомобиль йўли фуқаролик объекти эканини билмаслиги мумкин эмас. Аммо бу террорчиларни ҳеч қачон тўхтатмаган. Келажакда ҳам тўхтатмайди. Уларни фақат бундай зарбаларни беришнинг жисмоний имкониятидан маҳрум қилиш, шунингдек, ҳар бир бундай зарба учун жазо муқаррарлиги билан тўхтатиш мумкин», – деган у.

Украина мудофаа вазирлигининг давлат қўмитаси спикери Андрей Юсов эса ҳолатга изоҳ бераркан, “Қрим кўприги – у ерда ортиқча конструкция” дея жавоб қилди.

«Биз фақат Украина Мудофаа вазирлиги бош разведкаси раҳбари Кирилл Будановнинг “Қрим кўприги – у ерда ортиқча конструкция” деган сўзларидан иқтибос келтиришимиз мумкин», – дея таъкидлади Юсов Украина оммавий ахборот воситаларига.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар