Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида хотира тадбири бўлиб ўтди.
Унда бундан 7 йил аввал – 2016 йил 15 июлда Туркияда хоинлар томонидан уюштирилган давлат тўнтаришида ҳалок бўлганлар хотирланди. Икки мамлакат мадҳиялари янгради. Марҳумлар ҳаққига Қуръон тиловат қилинди ва дуолар ўқилди.
Ўшандан буён 15 июль Туркияда “Демократия ва миллий бирлик куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу сана том маънода миллий бирдамлик рамзига айланиб улгурди.
Маросимда сўзга чиққан Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар таъкидлаганидек, “Турк халқининг ўша кеча кўрсатган жасорати, фидойилиги ва бирдамлиги туфайли Туркиянинг келажаги, яъни “Турк асри” шаклланди. Шу матонатлари билан “Туркия асрининг қаҳрамонлари” турли соҳаларда ўз бурчларини адо этаётган яна қанчадан-қанча қаҳрамонларни руҳлантирди”.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 15 июлдаги хоинона ҳаракатлар чоғида Туркия Буюк Миллат Мажлиси биноси FETO террор ташкилоти ҳужумига учрагади, 250дан ортиқ фуқаролар ҳалок бўлди, 2000дан ортиқ одам жароҳатланган.
Шуҳрат Орипов