Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари билан чегарадош бўлган шимолий вилоятларига Покистоннинг “Теҳрик-e Толибон” (ТТП) ҳаркати аъзолари кўчириб олиб келингани хабар қилинмоқда.
Афғонистондаги “Миллий жунбиш” партияси етакчиси Маршал Абдурашид Дўстум Шимолий Афғонистонда Вазиристоннинг ташкил этилишига муносабат билдириб, “шаҳидлар қабристони”нинг босқинчилар оёғи остида қолишига йўл қўймаслигини айтиб ўтди.
Дўстум бошчилигидаги “Миллий жунбиш” партияси бу ҳаракатни “хорижийларнинг босқинчилиги” ва “Афғонистонни босиб олиш учун яна бир шармандали уриниш” деб атаган.
“Дарё” нашри мухбирига тайаниб ёзишича, “Миллий Жунбиш” партияси матбуот котиби Эҳсон Ниро партия етакчиси Маршал Абдурашид Дўстум БМТга мактуб йўллаб, Покистон Толибон гуруҳи аъзоларига Афғонистон шимолига кўчиб ўтишга рухсат бермасликни сўраганини маълум қилган. Акс ҳолда, ”Теҳрик-e Толибон” ҳаркати Марказий Осиё давлатларига хавф туғдириши мумкин, деб ҳисоблайди партия матбуот котиби.
Нашр мухбири билан суҳбатда бўлган сиёсий масалалар бўйича эксперт Асадулла Надим ҳам “Толибон” ҳаракати ТТП аъзоларини Афғонистоннинг шимолий вилоятларига олиб келишини минтақа давлатларига стратегик таҳдид сифатида баҳолаган ҳамда бу этник сиёсат ҳисобланинини, чунки “Толибон” аъзоларининг асосий қисмини пуштунлар ташкил қилишини таъкидлаган.
(Тожикистонга қўшни бўлган Тахор вилоятига “Теҳрик-e Толибон” аъзоларининг 300 нафар оиласи кўчиб бориши аввалроқ хабар қилинган эди.)
Нашрнинг қайд этишича, қаршилик кўрсатиш фронти ташқи алоқалар бўлими раҳбари Али Маисам Назарий Тожикистон билан чегарадош Тахорда Покистон “Толибон” ҳаракатининг мавжудлиги Тожикистон билан бирга бошқа Марказий Осиё давлатларининг ҳам хавфсизлиги ва суверенитетига бевосита таҳдид солиши ҳақида огоҳлантирган бўлса, “Толибон” ҳаракати буни “жиддий масала деб ҳисобламаслиги”ни маълум қилган.
“Толибон” ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистон билан чегара яқинида жойлашган Вазиристон вилоятидан (Покистон шимоли-ғарбида) келган муҳожирларнинг бир қисми “кўпроқ назорат қилиш мақсадида” Афғонистоннинг бошқа ҳудудларига кўчирилганини таъкидлаган.