20 июнь куни Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев вазирликда ўтказилган матбуот анжуманида Сардоба фожеаси ҳақидаги янги тафсилотларни ошкор қилди, деб ёзмоқда “Gazeta.uz”.
Вазирга кўра, Сардоба сув омбори тўғони ёрилишига асосий сабаб — унинг қурилиши охирига етмагани бўлган.
«Сардоба сув омбори қурилиши ҳали тугамаган эди. Лекин лойиҳаси қилинган пайтда ҳудуди аниқ белгиланганди. Кейин энг катта масала, Сардоба сув омборида 27 млрд. сўмлик ўзгаришларни назорат қилувчи (сув сизиб чиқишлар ҳақида хабар берувчи — таҳр.) қурилмалар ўрнатиш режаси бор эди. Аммо ўша лойиҳани молиялаш охиригача етказилмаганди. Ўша лойиҳа молиялаштирилганида сув чиқишни бошлаши билан сиреналар чалинарди. Бу тизим ҳали охирига етмаганди. Сардоба сув омборининг энг катта фожиаларидан биттаси — қурилиш охирига етмаганди», — деган вазир Хамраев.
«Асосий комиссия ҳам, ишчи комиссия ҳам бўлмаган эди. Биз тезроқ фойда берсин, халқ — жиззахликлар, сирдарёликлар қийналган, деб уни уч йил ичида (300 млн куб метргача) тўлдириб ишлатишни бошлагандик. Аммо геологияси панд берди», — дея қўшимча қилган у.
Шунингдек, Шавкат Хамраев Сардоба фожиасидан сўнг Ўзбекистондаги барча сув омборлари назоратдан ўтказилганини қайд этган.
Хамраев Сардоба сув омборининг тақдирига ҳам тўхталиб, бу бўйича лойиҳа ишлаб чиқилгани ва бир қанча вариантлар ичидан энг самарали бўлган биттаси танлаб олинганини таъкидлаган.
«Лойиҳага кўра, сув омбори 600 млн. куб метр сиғимгача реконструкция қилинади. Фожиа пайтида сув бирданига кетган вақтда жуда кўп жойлар ўтирган, тупроқнинг зичлик даражаси ва бошқа нарсаларга анча зиён етган. Шу сабабли уни қайта тиклаш масаласи турибди. Бунинг учун анча йиллар ва кўп маблағ кетади. Бу жараён албатта, Қозоғистон томони розилиги ва иштирокида бўлади. Бу ҳақда (қарорда) ёзиб қўйилган», — дея маълум қилган Шавкат Хамраев.