Антикоррупция агентлигига "коррупцияга қарши курашиш ваколати берилмоқда"

22.06.2023 14:20

Адлия вазирлигига тегишли бўлган ваколатлардан бири – ҳужжатлар экспертизаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига бериляпти. Аммо экспертиза мониторингги Адлия вазирлигида қолдирилмоқда.

Сенатнинг 42-мажлисида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

“Шу кунга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш қонун билан эмас, балки Адлия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинган. Бу эса, қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий бўшлиқларнинг юзага келишига замин яратмоқда.

Эндиликда коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш нафақат Адлия вазирлиги томонидан, балки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, юридик хизмат ходимлари ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин», дейилади Сенат йиғилишида.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларига ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, қабул қилинаётган қонунда жамоатчилик томонидан тақдим этилган таклифлар тегишли давлат органлари ва ташкилотлар томонидан мажбурий равишда кўриб чиқилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Коррупцияга қарши экспертизани ўтказишга оид фаолиятни услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш Адлия вазирлигига юклатилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар