Вазирлар журналистлар билан савол-жавоб қилишга қўрқадими?

20.06.2023 21:52

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги брифинг ўтказадиган минбар — ваъдалар-у ҳисоботлар, қачон амалга ошиши мавҳум бўлган режалар ўқиб бериладиган жой ҳисобланади, десак адашмаган бўламиз..?

Негадир, ташкилотларнинг ахборот хизмати матбуот анжуманларини ўтказиш, журналистлар билан очиқ мулоқот қилиш ўрнига брифинг минбарида туриб, ўзлари тайёрлаб келган 5-10 дақиқалик ҳисоботни ўқиб кетишни афзал кўрмоқда.

Брифинг

Шу ўринда савол туғилади: матбуот ходимлари жамоатчилик билан алоқа ўрнатувчи сифатида эмас, ўзи ишлайдиган  ташкилотнинг “адвокати” сифатида фаолият олиб бориши қанчалик тўғри?

Матбуот анжумани

Маълумот ўрнида, матбуот анжумани — бу ташкилот ходимларининг журналистлар билан очиқ мулоқот ўтказиши, савол-жавоб тарзида учрашув ташкиллаштиришидир. Ундан фарқли равишда, брифингда бу каби савол-жавоблар бўлмайди, матбуот котиблари ўзлари тайёрлаб келган баёнотни ўқийди-ю кетади.

Умуман олганда, матбуот котиблари шу йўналишда иш олиб боришга ўрганиб қолган. Брифинг ҳисобот учундек, муҳими журналист ва блогерларнинг саволлари уларни безовта қилмаса бўлгани.  

Йил бошидан бери АОКАда 186 маротаба брифинг ва 45 маротаба матбуот анжумани ўтказилган. Ажабланарлиси, апрель ойида биронта ҳам матбуот анжумани ташкил этилмаган. Вазирликлар кесимида оладиган бўлсак, охирги 3 ойда ўтказилган тадбирлар сони вазирликларнинг сонидан ҳам кам бўлиб, жами 19 та брифинг ва матбуот анжумани ташкил этилган.

АОКА мисолида юқоридаги рақамларга таянадиган бўлсак, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, шунингдек, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бирон марта ҳам матбуот анжумани ёки брифинг ўтказмаган.

Жамоатчилик диққат марказида қолаётган, ижтимоий тармоқларда энг кўп норозиликларга сабаб бўлган вазирлик — Ички ишлар вазирлиги эса 3 ой мобайнида ҳаттоки, брифинг ҳам ўтказмаган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар