Жисмоний шахсларнинг бир нечта солиқ турлари бўйича пеня ва жарималаридан кечиб юборилади

16.06.2023 15:26

Президент қарори билан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғидан қарзга ҳисобланган пеня суммалари ҳисобдан чиқарилиб, бу билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади. 

Президентнинг 14 июнь куни қабул қилинган қарори билан бир нечта солиқ турлари бўйича пеня ва жарималар суммасидан кечиб юборилиши белгиланди.  

Қарорга кўра, 2023 йил 1 июнь ҳолатига қуйидагилар ҳисобдан чиқарилади: 
• жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи (нотурар кўчмас мулк объектлари бундан мустасно) бўйича муддатида тўланмаган қарзига ҳисобланган пеня суммалари; 
• охирги 6 ой мобайнида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ЯТТларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан вужудга келган қарзи, ҳамда уларга ҳисобланган пеня ва жарималар суммаси; 
• хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги учун қўлланилган жарималар суммаси. 

Ушбу солиқ қарзи, пеня ва жарималарни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади. 

Шунингдек, 2024 йил 1 июнгача ер участкаларидан ҳужжатларсиз фойдаланаётган жисмоний шахсларга ер солиғининг 3 карра оширилган ставкасида солиқ ҳисоблаш тартиби тўхтатилади. 

Фермер хўжаликларига 2023 йил 1 июнь ҳолатига шаклланган сув солиғидан қарзини 12 ой мобайнида тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади. 

2023 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлгача иссиқхонага ихтисослашган ер майдони 25 сотихдан кўп бўлган тадбиркорлар томонидан ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя қилинганда тадбиркорларга қайтариб бериш тартиби жорий этилади: 

• ҳар бир 5 сотих ер майдони учун ойига камида 1 нафар ишчининг бандлигини таъминлаш; 
• ҳар бир ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган (980 минг сўм) миқдорда белгилаш; 
• иссиқхонага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона фаолияти бўйича олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этиши керак. 

13 июнь куни президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида сайловчилар билан учрашувда Ўзбекистон аҳолисининг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорликлари бўйича 500 миллиард сўм, жумладан, Қорақалпоғистонда 20 миллиард сўм пеня кечиб юборилишини айтган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар