Президентликка номзод Ш. Мирзиёев Қўқон буюм бозоридаги ёнғинга муносабат билдириб, бозор узоғи бир ой ичида тиклаб берилишини маълум қилди.
«Қўқонлик тадбиркорларимиз хотиржам бўлсин, биз ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз! Бу бозор узоғи билан бир ойда тўлиқ тиклаб берилади, бунга барча куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Ким қайси дўконда фаолият юритган бўлса, ўша ерда тадбиркорлигини давом эттиради. Ёнғиндан зарар кўрган барча тадбиркорларнинг кредит ва солиқ тўловлари муддати кечиктирилади. Уларнинг қайтадан “оёққа туриб олишлари” учун, айланма маблағ учун имтиёзли кредитлар ажратилади», — деди Мирзиёев қўқонликлар билан учрашувда.
Шунингдек, президент ёнғин оқибатида зарар кўрган аҳоли хонадонлари тўлиқ таъмирлаб берилишини айтди.
12 июнь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган, халқ тилида "оптом бозор" деб аталувчи бозор ҳудудидаги расталарда катта ёнғин келиб чиқиши оқибатида тадбиркорлар ва бозорга туташ ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли катта зарар кўрган эди.