Техникумни муваффақиятли тамомлаган ўқувчилар олий таълимга суҳбат асосида қабул қилинади.
Битирувчилар суҳбатдан ўта олса, бакалавириат йўналишининг 2-босқичидан ўқишни давом эттиради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 январдаги 17-сон қарори билан “Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган эди.
Низомга кўра, техникумни тамомлаганлардан бутун ўқиш давомидаги ўқув семестрларининг якунига кўра, ўзлаштириш баҳолари “5” ва “4” бўлган битирувчилар суҳбатга киради. Бироқ, ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи, тиббиёт муассасалари учун эса 85 фоизи “5” (аъло) бўлмаган битирувчилар суҳбатга кирмайди.
ОТМга суҳбат асосида қабул қилиш имконияти техникумни битиргандан бошлаб икки йил амал қилади. Яъни, битирувчи икки йилдан сўнг бу имкониятдан фойдалана олмайди.
Ушбу тартиб олий ҳарбий, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларига ва уларнинг филиалларига тааллуқли эмас.