Бу сафар тергов хонасида вафот этган гумонланувчига "худо урган" тамғаси босилмади.
Жорий йил 4 июнь куни Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБда терговга жалб қилинган фуқаро вафот этган эди.
Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги Расмий ахборот ҳам берди.
"Жорий йилнинг 4 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида бир қатор ўғирлик жиноятларини содир этишда гумонланиб, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган Юқоричирчиқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган У.С. ҳимоячиси Х.Юлдашева иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган.
Гумонланувчи У.С. соат 19.00 да ЖПКнинг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган.
Шу куни соат 23.30 ларда гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тез тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан касалхонада вафот этган", дейилади ИИВ Расмий ахборотининг бошида.
Ушбу ИИБдаги ўлим ҳолати ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганидан сўнг гумонланувчи ўлими билан боғлиқ мазкур ишга Тошкент вилоят прокуратураси аралашади. Шундан сўнг вазият бутунлай бошқача тус олган.
ИИВ вазир ўринбосарларидан бири Я. Абдулхаков ҳам вазирлик биносидан чиқиб, Бўка туман ИИБга бориб вазиятни ўрганган. Навбатдаги ИИБ ходимлари билан боғлиқ мазкур ўлим ҳолати жиддий назоратга олиниши бежизга эмас. Ундан 5 кун олдин Чилонзор туман ИИБга терговга жалб қилинган 21 ёшли боланинг ҳам ўлиги ота-онасига қайтарилган эди.
ИИВ Расмий ахоборотининг бошидаги жумлаларига ишонадиган бўлсак, Тошкент вилояти Бўка туман ИИБ томонидан "ҳаммаси қонуний бўлган, гумонланувчи соғлигидаги нуқсонлари билан ўзи вафот этди" деган хулоса тақдим этишган.
Ижтимоий тармоқлар қистови билан навбатдаги ўлим ҳолатига прокуратура аралашганидан сўнг, вазирлик ходимларининг хатоларини тан олган. Расмий ахборотнинг давомида ҳам тан олинган жумлаларни ўқиш мумкин:
"Аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22.00 ларда гумонланувчи У.С. Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган.
Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган", дейилади вазирлик Расмий ахборотининг давомида.
«Марҳумда кўкрак қафаси чап томонлама 5-қовурғанинг тўш соҳасига бирикиб, ёпиқ синиши, атроф тўқималарига қон қуйилиши, қорин парда ости, ингичка ичак ва ичак тутқичларига кўп миқдорда қон қуйилишлари, бўйиннинг қалқонсимон тоғай ва тил ости суяги соҳалари тўқималарига қон қуйилиши каби жароҳатлар аниқланган», – дейилади Kun.uz’га тақдим қилинган маълумотда.
Ушбу гумонланувчининг ўлими билан боғлиқ иш бўйича Тошкент вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган.
Шунингдек, Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов ва навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.