Мактаблар атрофида тамаки маҳсулотларини сотиш масофаси қисқарди

02.06.2023 22:09

Тамаки 124 дан ортиқ мамлакатда қишлоқ хўжалиги экини сифатида етиштирилади. 300 дона сигарет ишлаб чиқариш учун 1 дона дарахт нобуд бўлади. 

Ушбу жараён жамият саломатлиги, қишлоқ хўжалиги ишчилари ва ер унумдорлигига салбий таъсир қилиши табиий. Ўз ўрнида, бу жаҳон озиқ-овқат саноатининг инқирозига ҳам сабаб бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва унинг ҳамкорлари ҳар йили 31 май - халқаро тамакисиз кунини миллионлаб инсонларни ҳимоя қилиш мақсадида нишонлайдилар. 1 июнь куни "Тамаки эмас, озиқ-овқат етиштиринг" номи остида ўтказилган матбуот анжуманида ҳам айни мавзу доирасидаги муаммоларга эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, 24 май куни қабул қилинган "Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги янги қонуннинг мазмун-моҳиятига ҳам мутахассислар томонидан изоҳ берилди.

Қонунга кўра, Ўзбекистон ҳудудига чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, жумладан, никотин маҳсулотлари олиб кириш ва сотиш тақиқланади, нос бундан мустасно. Шунингдек, кўчада тамаки маҳсулотларини сотувчилар ҳам солиқ тўлайди. Мактаблар атрофида тамаки маҳсулотларини сотиш масофаси эса 300-500 метрдан 100-200 метрга қисқартирилди. Бу жаҳон тажрибасига мос, дея изоҳланди. 

Янги таҳрирдаги қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назоратига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мисол тариқасида, олдин  алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдо марказларида бемалол реклама қилиб сотилган бўлса, янги қонун билан, энди бу тақиқланади. Бундан ташқари, вояга етмаган харидорларга ҳам тамаки сотган сотувчи ёки вояга етмаган фарзандларига тамаки олиб келишини буюрган ота-оналарга ҳам жазо белгланади. Шунингдек, тамаки маҳсулотларини доналаб сотиш ҳам тақиқланади. 

Янги таҳрирдаги мазкур қонуннинг айрим қисмлари 3 ойдан сўнг, тадбиркорларга боғлиқ қисмлари эса 1 йилдан сўнг кучга киради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар