Жамоатчилик эътирозларидан сўнг шилқимларга жазо белгиланадиган бўлди

01.06.2023 10:00

Кенг жамоатчилик эътирозларидан сўнг, метрода қизга тегажоғлик қилиб видео олган "пранкчи" икки йигитга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси бўйича жазо белгиланадиган бўлди

Ижтимоий тармоқларда метрода икки йигитнинг қизларга тегажоғлик қилгани, уни видеога олиб ўзларининг ТикТок ва инстаграм саҳифасига юклаб, “Пранк” дея изоҳ бергани акс этган видеолар тарқалди. Аммо кўплаб жамоатчилик фаоллари ушбу видеони муҳокама қилиб пост қолдиргандан сўнг, тиктокерлар видеони саҳифасидан олиб ташлаган.

"Немолчи.уз" лойиҳаси "кулгули" пранкларни суратга олувчи тиктокер видеосини эълон қилди. 

"Мазкур видеороликда тиктокер атайлаб қўлини бир қизнинг қўлини устига қўяди. У қўлини олиб қўйса, йигит яна қўлини яна қизнинг қўлига теккизмоқда. Ва съёмка қилувчи дўсти билан камерага қараб кулишмоқда. Қиз бу ҳолатдан ўзини ноқулай хис қилиши кўриниб турибди ва яна қўлини тортмоқда. Видеороликни тиктокер ўз аккаунтида жойлади, кейин эса ўчириб ташлади. Лекин содир этган қилмиши учун жазодан қутулдим, деб ўйлаши хато. Қачондан бери тегажоғлик кулгули бўлиб қолди?", дея пост жойлаган.

Блогер Шаҳноза Соатова ўзининг фейcбук ва телеграм саҳифасида “Буларни топиш қийин бўлмаса керак. Метрода қизларга тегажоқлик қилиб, буни видеога олиб “пранк” деб тармоққа юклаган тарбиясиз йигитларнинг ота-онаси уялса керак, боши эгилса керак (бундан умид қилган ҳолда ота-оналарига ачинаман). 

Шунингдек, метро вагонларини алоҳида қилиш ечим эмас",  мазмунидаги постни жойлаган.

Бундан ташқари, Хоразмда болалар уйидаги ҳолатдан сўнг ташкил этилган “Аёл буюм эмас” лойиҳасининг  телеграм каналида ушбу тикток блогерларининг шахсий саҳифалари ҳам эълон қилинди.

Шунингдек, ушбу видео муҳокамасидаги барча жамоат фаоллари видео олиб уни ижтимоий тармоққа юклаган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши кераклигини айтиб ўтган.

Ўзбекистон Республикасининг 11.04.23 йилдаги қонунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига “Шаҳвоний шилқимлик қилиш” 41-1-моддаси киритилган бўлиб, унга кўра ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.

Бундан сал олдин блогер Дониёр Қаюмов ҳам ўзининг инстаграм саҳифасида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқни тарғиб қилувчи видео жойлаштирганлиги учун унга 6 миллион сўм жарима белгиланган эди. Маълумот учун, Дониёр Қаюмовнинг инстаграм саҳифасига бир кунга қўйиб берадиган битта рекламаси 300$ бўлиб, унга қўлланилган жарима эса нари борса иккита рекламани пули экан. Бироз аввал ижтимоий тармоқларда ушбу блогернинг Журналистика университети талабаларига мастер-класс ўтиш учун таклиф қилингани ва бундан талабалар норози бўлгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган эди.

Сўнгги вақтда аёл ва қизларга нисбатан зўравонлик борган сари кучайиб бормоқда. Балки бунга сабаб қайсидир маънода ушбу зўравонликларга нисбатан жуда енгил жазо берилаётгани бўлса ажаб эмас.

Блогерлардан бири ушбу ҳолат учун ўзини оқлаб чиқди ва буни ҳали ҳам тўлалигича тушунмай “пранк” дея айтиб ўтган.

Ижтимоий тармоқларда жамоат фаолларининг фикрларидан сўнг нотаниш қизга шилқимлик қилган йигитларга МЖТКнинг 41 прим 1-моддаси ва 46 прим 1-моддаси билан баённома расмийлаштирилган ҳамда чора кўриш учун суд органларига юборилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар