Вазир ноқонуний фаолиятининг қонуний томонини топди

31.05.2023 14:55

Маданият вазирининг яширин бизнеси аниқлангач, у ўғлининг номига ўтказилди.

Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков 2016 йилда ташкил этилган «Koba San'at majmuasi» МЧЖга яқин-яқингача 100 фоизлик улуш билан таъсисчи бўлиб келган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вазиятни ўрганиб, вазирликка тақдимнома киритган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 595-сонли қарор билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”нинг 13-бандида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслиги, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснолиги белгиланган. Тақдимномадан сўнг, юқоридаги қонунчиликка номувофиқлик бартараф этилиб, МЧЖнинг таъсисчиси Озодбек Назарбековдан унинг ўғли Ж. Назарбековга ўзгартирилди. 


Маълумот учун, “Коба санъат мажмуаси” овқатланиш ташкил қилишнинг бошқа турлари билан шуғулланади

2021 йил бошида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев "J-United Group" компаниясининг 100 фоиз улуши эгаси эканига эътибор қаратилиб, амалдаги давлат мансабдори айни вақтда хусусий бизнесга эгалик қилиши қанчалик тўғри деб савол қўйилганди. Ўшанда Адлия вазирлиги давлат органлари мансабдорларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқлангани, лекин тижорат ташкилотларининг улуши (акцияси)га эгалик қилиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги, амалдаги қонунчиликда мансабдорнинг тижорат ташкилотларида улуш (акция)ларга эгалик қилиши (ёки муассис бўлиши)га тўғридан-тўғри тақиқ йўқлигини маълум қилганди. 

Лекин амалдорларнинг тадбиркорлик субъектларида, хусусан, муассис бўлишини ҳам тақиқловчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга кўра, "Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс давлат хизматига қабул қилингандан кейин тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади" дейилган эди.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Маданият вазирлигига киритган тақдимномада юқоридаги ҳолат бўйича вазирлик тизимида коррупцион ҳолатларга йўл қўйилмаслиги ва шаффофликни таъминлаш ҳам белгиланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
20
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар