"Қиморда ҳалол ўйнаган одам ҳеч қачон юта олмайди" — қиморбоз

26.05.2023 15:47

Rost24.uz моҳир қиморбоз билан суҳбат қилди.

Эркин Ураимов

Суҳбатдошимиз 72 ёшли Эркин Ураимов. У Андижон вилоятида туғилган. Ҳозирда пойтахтда савдо билан шуғулланади. Қимордан кетганига бир йил бўлган экан.  

15 ёшидан қиморни ўзига касб қилган Эркин ака қиморнинг “Нарда” ва “Карта” ўйинларида бирон марта ютқазмаганини айтади.

Тирикчилигим шу эди. “Нарда”дан энг кўп ютганим — 57 минг доллар бўлган. “Карта”дан эса 200 минг доллардан кўпроқ» — дейди у.

Эркин ака 16 ёшида Россияга бориб, Москва ва  Ленинград шаҳарларидаги казиноларда карта тарқатувчи бўлиб ишга киради. У ерда карта тарқатиш сирларини ўрганиб, 17 йил ишлайди. Шу тарзда қимор оламига кириб келади.

— Казинода “карта” тарқатувчиларнинг алоҳида вазифалари ҳам бўлади. Яъни ўйинчилардан ким ютиши керак бўлса, шунга карта тарқатиш вақтида ютуқни чиқариб беришингиз керак. Бунинг учун тарқатувчилар тайёргарликдан ўтади, ўзлари ҳам кунига 5-6 соатлаб шуғулланади. Агарда, катта ўйинларда топшириқни бажара олмасангиз, кечиришмайди, икки қўлини кесиб ташлашади. Иккитасини икки қўлини кесишганини кўтганман. Шунинг учун, тарқатувчи камераларни ҳам четлаб ўтиб, ютуқни чиқариб беришга ҳаракат қилади», — дея  казинодаги ўтмишини эслайди у.

Қиморнинг мазмун-моҳияти ғирромлик эканига ишора қилган қаҳрамонимиз шундай дейди:
Ҳар бир ўйинчининг қўлида ҳунари бўлади. Моҳир ўйинчилар бир бирига қарши ўйнамайди. Баъзида, улфатлар ҳалол ўйнаймиз деб ўтиришади. Бундай ўйинларда ютувчи бўлмайди, ютуқ айланиб юраверади. Агар, уларнинг даврасига қўлида ҳунари бор ўйинчи қўшилиб қолса, ҳаммасининг пулини йиғиб кетади», — дея тушунтиради Эркин ака.

Қимордан бой бўлиб кетган одамни кўрмадим — 50 йиллик хулосалари билан ҳам ўртоқлашган Эркин ака қимордаги бир умумийликка тўхталди:

— Қиморда бир умумийлик бор. Катта маблағ ютасиз, катта ҳаражат, ўйин-кулги қиласиз. 10-15 кун, кўпи бир ярим ойдан сўнг яна ўйин ахтаришни бошлайсиз. Топганингиздан  эса ҳеч нарса орттира олмайсиз, ўртада умр ўтаверади», — деди у. 

— Умрим давомида катта-катта пуллар ютдим, лекин “бирим икки бўлмади”. Ҳеч йўқса, эллик ёшимда ҳалол пул топишни бошлаганимда, оиламни, бахтимни сақлаб қоларканман. Ҳозир 72 ёшда бўлсам, қимордан алоқани узганимга бир йил бўлди. Шунча умрим ўтиб кетганига афсусдаман», — Эркин Ураимов.

Суҳбатни видео шаклини томоша қилинг:

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар