Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари Москвада нималарни муҳокама қилди?

24.05.2023 13:23

Ўзбекистон ташқи шилар вазири Бахтиёр Саидов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан бир қанча масалаларни муҳокама қилган.

Томонларнинг музокара ва келишувлари натижаларини фақат Россия томони маълум қилмоқда.

1-масала
Москва ўзбекистонликларнинг Россия Федерациясида президентлик сайловларида овоз бериши учун шароит яратади

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев 9 июль куни Ўзбекистон президентлигига бўладиган навбатдан ташқари сайлов тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.

Москва июль ойида бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон фуқароларининг Россияда овоз бериши учун барча зарур шароитларни яратади. Бу ҳақида душанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокаралар чоғида айтиб ўтди, деб ёзмоқда ТАCC.


2-масала
Ўзбекистон ҳудудида Россия томонидан лойиҳалаштирилган атом электр станциясини қуриш бўйича бош шартноманинг асосий шартлари тўғрисидаги келишув юқори даражада тайёр. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги душанба куни тарқатган баёнотида айтилди.

  • «Икки томонлама ҳамкорликнинг энг муҳим йўналиши – энергетика. Иқтисодий муносабатларимизнинг асосий лойиҳаси Ўзбекистон ҳудудида Россия томонидан лойиҳалаштирилган атом электр станциясини қуришдир. Бош шартноманинг асосий шартлари бўйича келишув имзоланган», – дейилади хабарда.


3-масала
Ташқи ишлар вазирлари Москвадаги музокараларда минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни муҳокама қилди.

  • «Афғонистондаги вазият ҳамда минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар моҳиятан кўриб чиқилди», – дейилади Россия ТИВ музокаралари якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда.


Таъкидланишича, минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш чоғида Лавров Украинадаги мавжуд вазият ва махсус ҳарбий операциянинг боришига Россиянинг баҳосини маълум қилган.

  • «Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик, иттифоқчилик ва кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар муносабатларни янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ барча масалаларни атрофлича муҳокама қилди», – дейилади Россия ТИВ хабарида.
     

4-масала
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Тошкентнинг Москва билан муносабатларида ўсиш нуқталарини излаш ниятида эканлигини маълум қилган.

Ўзбекистон ва Россия ўзаро манфаатли муносабатларни муттасил мустаҳкамлаб бормоқда, Тошкент эса ўсишнинг янги драйверларини излашга белоғлаган. Бу ҳақда Бахтиёр Саидов Сергей Лавров билан музокаралар бошланишидан олдин журналистларга маълум қилган.

«Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг яқин ҳамкоридир. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида муносабатларимиз тарихида тубдан янги босқич белгиланди. Яъни, икки давлат раҳбарлари декларацияни имзолади. Ўсишнинг янги драйверларини топиш ва мавжуд захираларни рўёбга чиқаришни кўзлаган ҳолда, бу суръатни сақлаб қолиш ва ошириш ниятидамиз», — деган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Ушбу учрашув ҳақида Ўзбекистон томон эса “Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқот кун тартиби кенг кўламли бўлиб, истисносиз барча соҳаларни қамраб олиши, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшимча қийматга эга маҳсулотларнинг ўзаро савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилганини” қайд этди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар