Миллий гвардияга ҳам маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома тузиб, жаримага тортиш ваколати берилмоқда.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалар қўмитаси мажлисида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилиб, тегишли қарори қабул қилинган. Бу ҳақда парламент юқори палатаси хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу Қонун лойиҳаси билан Миллий гвардия органларининг ходимларига майда безорилик, қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юришга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш юзасидан қўшимча ваколатлар бериш назарда тутилмоқда.
Қолаверса, бу каби ваколатлар вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, тиланчилик қилиш ҳамда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш ҳолатларида ҳам амалга оширилади.
Бунда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органларида ҳам сақланиб, ҳуқуқбузарлик Миллий гвардия ходимлари томонидан аниқланган тақдирда уларга жарима жазосини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш ва асоссиз жавобгарликка тортиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Миллий гвардия органлари номидан қонунда кўрсатилган бошқарма (бўлим) бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни қўриб чиқишга ва жарима жазосини қўллашга ҳақли эканли белгиланмоқда.