Масъулларнинг эътиборсизлиги сабаб сарсон бўлаётган она

01.05.2023 20:03

Бола пулини ололмасдан мардикорлик қилаётган аёл ҳикояси

Rost24.uz сайтига шу йилнинг 16 март санасида Нилуфар Ҳайдарова исмли наманганлик фуқаро бола пулини ололмагани сабабли мурожаат билан келган эди.

Ҳайдарова мухбиримиз билан суҳбатда, турмуш ўртоғи 2021 йилда маҳалладаги жанжал сабаб қамалганини, кейин қайнонаси ва қайнисинглиси Нилуфар опа ва унинг қизини уйга сиғдирмай қўйганини айтади.

Шундан сўнг, у пойтахтга иш излаб келади. Бу орада фарзанди учун оладиган бола пули ҳам тушмай қолиб, 7 ой ҳужжат ишлари билан сарсон бўлади.

Нилуфар опа Тошкентда турли мардикорлик, кунлик ишларни қилаётганини, кунлик 20 минг сўмлик квартира учун баъзан аранг пул топиб келишини, баъзи ҳолларда эса овқатга ҳам пул топа олмай қолишини таъкидлайди.

Мурожаатни ўрганиш давомида фуқаро яшаган Наманган вилояти, Норин тумани Тошлоқ МФЙ раиси билан ҳам боғландик. Маҳалла раисининг сўзларига кўра, у Ҳайдарованинг ҳолатидан хабардор. «Ҳозирда у турмуш ўртоғининг ёнида», — дейди раис. Ҳеч бир мантиққа тўғри келмайдиган бу сўзлардан кейин, Нилуфар Ҳайдарованинг вазияти ва 2022 йил август ойидан буён бола пули ололмаётгани ҳақида хабардор қилдик. Сўнгра, бола пулини масаласига эътибор қаратилди ва тез фурсатда ўз ечимини топди. Бироқ, масъулларнинг эътиборсизлиги туфайли Ҳайдарова 7 ойлик бола пулидан маҳрумлигича қолмоқда.

Баъзи ҳолатларда масъул ташкилот ва амалдорлар ҳаракатга келиши учун уларнинг вазифаларини эслатиб туриш керак!

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар