С.Умурзоқов Мўйноқда казино қуриш режасини тасдиқладими?

28.01.2021 16:59

Журналист Есимкан Канаатов, тегишли ҳужжатларга асосан Мўйноқ чўлида Ўзбекистонда тақиқланган, таваккалчиликка асосланган қимор ўйини – Казино қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида “Ишонч” нашрида мулоҳаза юритди.

Унга кўра, “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зонасини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар" режаси яъни йўл харитасига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов томонидан Мўйноқда казино қурилиши тасдиқланмоқда.

Йўл харитасида, Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зонасини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Ишчи гуруҳи тасдиқланган. Ишчи гуруҳ таркибига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Умурзоқов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А.Аккулов, Бош прокурор ўринбосари А.Мавлонов ва бошқалар киритилган.

Мазкур ҳужжатда ишчи гуруҳга хорижий давлатларнинг таваккалчиликка асосланган ўйинлар, казино ва шу турдаги бошқа ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларини ҳамда амалий тажрибани ўрганиш белгиланган.

Шунингдек, ишчи гуруҳга таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ миллий қонунчиликни инвентаризация қилиш ҳам топширилган.

“Йўл харита” бандларида казино бизнесини электрон ва реал кўринишда ташкил этиш ва шу каби таваккалчиликка асосланган ўйинларда иштирок этиш, пул ўрнига махсус жетонлар, фишкалар ва бошқа тўлов услубларини қўллаш бўйича қоидаларни тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқукий ҳужжат ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилмоқда. 

“Таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам эътибордан ҳоли қолдирилмаган.

“Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга бўлган туристик-кўнгилочар зона ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш ҳам алоҳида белгиланган.

Демак, Ўзбекистонда илк бор казино ва шу каби таваккалчиликка асосланган ўйин зоналари Мўйноқда ташкил қилиниши ҳақиқатга яқин, дея мулоҳаза қилади журналист Есимкан Канаатов.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар