Ходимлари кам маош олиши билан муҳокамалар марказига чиқиб турувчи маданият уйлари, маданият тизими ва туризм секторининг айни пайтдаги раҳбарлари кимлар?
2022 йил охирида ҳукумат таркиби ўзгартирилиши фонида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги бирлаштирилганди. Мазкур икки вазирлик ўрнида бугун Маданият ва туризм вазирлиги фаолият юритмоқда.
Қуйи тизимидаги маданият ходимлари кам маош олиши билан тез-тез муҳокамалар марказига чиқиб турадиган ҳукумат органи тепасида айни пайтда Озодбек Назарбеков ва унинг уч ўринбосари туради. Вазирлик матбуотининг билдиришича, Озодбек Назарбековга тез орада тўртинчи ўринбосар ҳам тайинланиши кутилмоқда.
Маданият ва туризм вазири - Озодбек Аҳмадович Назарбеков
49 ёшли вазир, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков 7 майда Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган. У ҳар йили бир неча бор кутилмаган чиқишлари билан муҳокамалар марказига тушиб қолади.
Жумладан, 2021 йилда Озодбек Назарбеков вазирлик ходимларининг дўппи кийиб ишлашга чақиргани билан оғизга тушганди, мазкур воқеа ўша йили «дўппи кийиш кампанияси» тарзида йил муҳокамаларидан бирига айланган. 2022 йилда эса журналист вазирдан Украинадаги вазиятга позициясини сўраганда «Уйга келсангиз, қулоғингизга айтиб бераман», дея жавоб бериши мунозаралар марказига чиққан эди. У ҳозирги амалига келгунча 2008-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ашула-рақс ансамбли хонандаси, «Ёшлар» телеканалининг бош продюсери вазифаларида ишлаган. 2018—2020 йилларда — Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари, 2020 йил 22 январдан — Ўзбекистон Республикаси маданият вазири этиб тайинланган.
2022 йил сўнгидан бошлаб, Маданият ва туризм вазири сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Шунингдек, 5 фарзанднинг отаси Озодбек Назарбеков 2022 йилда ижтимоий тармоқларда ўғлининг никоҳи муносабати билан ўтказган дабдабали тўйи билан ҳам оғизга тушган эди.
***
Улуғбек Аҳмадович Аъзамов-Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари
Улуғбек Аъзамов (1981 й. т.) — 2002 йилда Буюк Британиянинг Суррей университетини «Халқаро туризм менежменти ва меҳмондўстлик» йўналиши бўйича тамомлаган. Турли йилларда БМТ Тараққиёт дастури доирасида фаолият юритган, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида маслаҳатчи бўлган. 2019 йил сентябрда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари этиб тайинланган, 2021 йил апрелида туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлаб, 2022 йил апрелида вазирлик иккига ажратилгач, туризм ва маданий мерос вазири ўринбосарига айланганди, бир ой ўтар-ўтмас, май ойида Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари этиб тайинланган.
***
Аҳмедов Баҳодир Мажидович - Маданият ва туризм вазирининг ўринбосари
1973 йил Тошкентда туғилган Баҳодир Аҳмедов Маданият вазирлигининг қуйи тизимлари - туман бўлимида бадиий раҳбар, туман бўлими мудири, Тошкент шаҳар бошқарма бошлиғи ўринбосари, Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажаришдан тортиб тизимнинг энг юқори лавозимларигача, "Ўзбекнаво" раҳбари, вазир ўринбосари, вазир даражасигача кўтарилган амалдорлардан. 2017 йил бошида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги фаолияти тугатилганидан сўнг вазирликдан кетади ва бир муддат Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган. Ўтган йил оҳиридаги ҳукуматдаги ислоҳотлардан аввал маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
***
Маджидов Муроджон Абдуллаевич Маданият ва туризм вазирининг ўринбосари
У ҳам маъмурий ислоҳотлардан "эсон-омон" ўтиб олган амалдорлардан. Муроджон Мажидов 2022 йилнинг март ойидан собиқ маданият вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Ундан аввал Вазирлар Маҳкамасида масъул ходим сифатида фаолият юритиб келган.
***
Маълумот учун, ҳозир маданият маркази ходимларининг ўртача ойлик маоши 1 млн. 500 минг сўмни ташкил қилади.