5 марта алифбо алмаштирган Ўзбекистон: ёзув ислоҳоти нега пайсалга солинмоқда?

13.03.2023 12:07

Таниқли турколог олим рост24га интервью берди

Олимнинг фикрича, ҳукумат томонидан тузилган тил комиссияси бир ойда ҳал бўладиган ишни яна 2 йилга чўзган. Шу кунгача 5 марта алифбо алмаштирилган Ўзбекистонда нотўғри тузилган алифбо сабаб ўзбек тилининг туркийлик хусусияти йўқолиб бормоқда.

Биз мазкур масалада таниқли турколог олим АҚШ давлат Мичиган университети профессори Темур Хўжа ўғли билан суҳбатлашдик. Темур Хўжага кўра, Ўзбекистонда алифбо ислоҳоти пайсалга солинмоқда. Олим билан суҳбат Туркистонда кечган алифбо тарихи, бугун уни ислоҳ қилиш нима учун заруратлиги ва бу мамлакат тараққиётига қандай таъсир қилиши хусусида кечди.

Шунингдек, у нотўғри тузилган алифбо сабаб ўзбек тилининг туркийлик хусусияти йўқолиб бораётгани, чет элларда ўзбек тилини ўргатиш муаммо ҳолига келиб қолгани ҳақида айтиб ўтди.

Олимга кўра, жадидлар томонидан 1926 йилда ишлаб чиқилган лотин алифбосини татбиқ қилиш Ўзбекистон учун бугун энг тўғри йўл.



2022 йил Бурсада Туркий давлатларнинг йиғилиши бўлди ва унда ягона алифбо масаласи кўтарилди. Аммо айни пайтда Ўзбекистонда амалда бўлган лотин алифбосининг ўзи ҳам ислоҳга муҳтожлиги ҳақида фикрлар бор. Узоқ йиллар туркий халқларнинг тили ва тарихини таҳлил қилган турколог сифатида бу борада нима дейсиз?

— Алифбо, тил масаласида ҳам жадидлар бизга йўл кўрсатган. Жадидлар айни муаммони 1926 йилда «ечиб» қўйганлар. Биласиз, СССРнинг дастлабки йилларида СССР таркибидаги барча туркий республикалар Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Татаристон, Бошқирдистон ва ҳатто Ёқутистон, Чуваш, Тува - ҳаммаси 1926 йилги конференцияда бу масалани муҳокама қилганлар. Улар зиёлилар, кўпинча жадидчилар эди. Ўшанда араб алифбосини давом қилдирайлик, ёки лотин алифбосиними, деган мунозара кечади. Кўпчилик лотин алифбосини ёқлайди. Дастлаб, Озарбайжонда бу алифбо татбиқ қилинди, Ўзбекистон ҳам 1928 йилда шу алифбога ўтди. Бу барча туркий халқлар учун битта лотин алифбоси эди. Яъни «Турк муштарак ўртоқ алифбоси», деб номланган. Барча туркий халқлар ўшанда мазкур алифбода ёзишни бошлади. Алифбо жуда мукаммал эди. Чунки, у товушларни жуда яхши берарди.
Бу алифбо 1940 йилларгача амалда бўлган. Фақат ўша йиллар Туркия лотин алифбосига яқин бир алифбога ўтганда бу Москвани ташвишлантириб қўйган. Чунки Туркия марксизм бўлмаган республика, советлар уни капиталистик буржуазия деб ўйлайди ўшанда. Ва алифбо бир бўлганда туркий халқлар туркча ёзувларни ҳам ўқиши мумкин. У ҳолда СССР таркибидаги туркий халқлар совет мафкурасидан узоқлашиб қолармикан, деган хавотирда Москва лотин ёзувини кириллга ўтказади. Фақат ундан олдин 1934 йилда ўзбек алифбосидан 4 та ҳарфни «отиб» ташлаганлар. Чунки ўзбек тилининг туркийлик хусусиятини йўқ қилайлик деганлар. Сабаби, ўзбек халқи туркий халқлар ичида энг кўп сонли халқ эди, Москва улардан чўчиган. Шуларнинг тилини бузайлик, уларни бошқа туркий халқлардан ажратайлик деганлар.

Шундай қилиб, 1934 йилда мазкур муштарак алифбони ҳам бузганлар. Ундан олдинги лотин алифбосида Фитрат, Чўлпонларнинг асарлари бор, жуда мукаммал. 1940 йилда кириллга ўтилганда эса Москва ҳаммага битта кирилл алифбоси эмас, қозоқларга алоҳида, ўзбекларга алоҳида, ёқут, чуваш - барчасига алоҳида кириллица жорий қилиб берди. Бу алифбо ҳам туркий халқларнинг тилига мос муштарак алифбога эмас, 1934 йилда бузилган, яъни ҳарфлари отиб ташланган алифбога мослаштирилди.

Мустақиллик даврига келсак, ўшанда ўзбек ёзувчилари 1926 йилдаги жадидлар жорий қилган туркий халқларнинг муштарак алифбосини таклиф қилганларида Ўзбекистон ҳукумати уни ўрнига инглиз алифбосига мос алифбо қабул қилди. Ҳозир бу алифбода ёзиш кирилл алифбосидан ҳам қийинроқ. Чунки 1995 йилдан шу кунгача амалда бўлган ўзбек алифбосида битта товуш учун иккита ҳарф бор. Бу ўқишни ҳам ёзишни ҳам муаммо ҳолига келтириб қўйяпти. Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам тил комиссияси тузиб, ҳозирги ўзбек лотин алифбосини ислоҳ қилинглар, деганлар. Ҳозир комиссия ишлаяпти, аммо бирор амалий иш чиқара олмадилар. Яна 2 йил муддат сўралган, яхшироқ муҳокама қилайлик, деб. Ҳолбуки бу иш 1 ой ичида ҳал бўладиган иш. Чунки биз ўша тайёр жадидчилик алифбосини олайлик, бу мукаммал бир алифбо.

Ҳозир Озарбайжон, Туркманистон шу алифбони ишлатмоқда. Туркия ва бу халқлар ҳозир бир-бирини ўқий оладилар шу боис.
Ўзбеклар шу кунгача 5 марта алифбо алмаштирди, қозоқ ва қирғизлар 4 марта. Ўзбек алифбоси бузуқ бўлгани ва номукаммал бўлгани учун чет элликлар ҳам ўзбекчани ўрганишда азият чекадилар. Мен АҚШ давлат Мичиган университетида ўзбек тили бўйича ҳам дарс бераман, талабалар жуда таажжубланади, сиз алифбода айтилмагандай талаффуз қиласиз, деб. Агар алифбоингиз мукаммал бўлмаса, тилингизни бошқа халқларга ҳам тўғри ўргата олмайсиз ва улар ҳам кейин ўзбек тилини кулгили талаффуз қиладилар. Чунки талаффузни билмайдилар. Ҳозирги алифбо ўзбек тили талаффузига мос эмас чунки.

Маълумот учун, Темур Хўжа ўғли бутун умри ва салоҳиятини туркий халқлар маданияти, тили ва ўтмиши борасидаги изланишларга бахшида этаётган олим.
У туркий халқлар дунёси, Марказий Осиё маданияти тарихи, жадидчилик, Шўро даври ва мустақилликдан кейин Марказий Осиё республикаларида кечаётган сиёсий ўзгаришлар, демократия ва диктатура мавзуларида салмоқли меҳнат қилган.
Темур Хўжа Туркистоннинг маданий ва сиёсий тарихига бағишланган 120 га яқин мақолалар муаллифи. Уларнинг аксари турк ва инглиз тилларида Туркия, АҚШ, Европа давлатлари, Ҳиндистон ва Японияда чоп этилган.
У шунингдек, Қрим, Россия, Литва, Полша ва Украинада истиқомат қилувчи қарайим номли туркий қавм сўзлашадиган тил бойлиги таҳлил этилган китоб ҳам ёзган. Китоб 2006 йил Германиянинг Мюнхен шаҳрида чоп қилинган.

Мафтуна Каримова суҳбатлашди

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар