"Менинг бобом Амир Олимхон, у хоин эмас!"

06.03.2023 22:15

Rost24.uz Бухоронинг сўнгги амири Амир Олимхоннинг набираси билан суҳбатлашди.

Тошкентда ўтказилган халқаро анжуман амир авлодлари ва жаҳон олимларини бир даврада жамлади.

Ўзбекистонда жадидчилик ҳаракатининг ғоявий асослари, мақсад ва вазифаларига қаратилган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Рост24 анжуман доирасида Амир Саид Олимхоннинг набираси Бинафшахоним Хотун ўғли ва унинг турмуш ўртоғи Нуриддин Хотун ўғли билан суҳбатлашди.

Маълумот учун, Бинафшахоним Амир  Олимхоннинг кенжа фарзанди бўлмиш Саид Абдулсаттор Олимхоннинг қизи.

Бинафшахоним бобосига нисбатан шаклланган қарашларга нисбатан қуйидагича муносабат билдирди:

— Ота-боболарим ҳақида  ҳақиқатлар юзага чиқади қачондир, албатта, янги қарашлар билан. Менинг бобом хоин бўлмаган, улар ҳақида нотўғри тушунчалар ҳам бор. Ва бу фикрлар, ишонамизки қачондир ўзгаради.

Ўзбекистонга илк келишим. Жуда ҳаяжондаман. Ўзимни бахтли ҳис қилаяпман. Бизни яхши кутиб олишди, кошки аввалроқ кела олганимда. Иншааллоҳ, энди тез-тез келишга ҳаракат қиламан. Ўзингни ота-боболарингнинг юртида эканлигингни ҳис қилиш, албатта, бошқача.

Уч ёшимдан мен Туркияда катта бўлдим, у ерда Газиантеп вилоятида яшаймиз.

Турк халқи бизни жуда яхши қаршилаган. У ер ҳам бизнинг ватанимиз, у ерни ҳам яхши кўраман. Газиантепда опаларим, акаларим, амакиларим ва бутун қариндошларимиз яшайди, – дейди, Бинафшахоним.

Унинг турмуш ўртоғи Нуриддин Хотун ўғлининг айтишича, амир фарзандлари дастлаб Афғонистондан, сўнг Туркиядан қўним топган.
Улар узоқ йиллар теричилик, зардўзлик  билан шуғулланган. Баъзилари Америка, Германияда ҳам истиқомат қилади. Бироқ, амир авлодларининг маркази бугун  -  Туркия, Газиантеп вилояти. Ўша ерда Амир  Олимхон фарзандларининг қабрлари мавжуд, набиралари эса ушбу ҳудудда истиқомат қилиб келади.

Анжуманга шунингдек, АҚШ, Туркия, Озарбайжон, Германия, Қозоғистон, Швеция ва бошқа давлатлардан нуфузли жадидшунос олимлар ташриф буюрди.

 

                     Мафтуна Каримова

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар