«Аномал» совуқдан аранг чиққан Қарши аҳолиси янги йил безаклари учун салкам 2 млрд сўм тўлаган.
Қарши шаҳар ҳокимлиги Янги йил безакларига ишлатилган қарздорликни қоплаш учун 2023 йил 31 январь санасида 1 998,7 ( бир миллиард тўққиз юз тўқсон саккиз миллион етти юз минг) сўм ажратган.
Бу қарздорликни ҳокимлик Қарши туманлараро иқтисодий судининг қарорига асосан ўтказиб берган. Арча безаклари учун пуллар Қарши шаҳар маҳаллий бюджетининг 2023 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши кўрсатиб ўтилган.
Маблағлар бир нечта қурилиш компанияларига эгалик қилувчи «Sultan media pluss” МЧЖ ҳисобига тўланиши қайд этилган.
Компания rost24 мухбирига 2 млрдга яқин маблағ нима учун ўтказилганини очиқлашни истамади ва асосан ҳар қандай қурилиш маҳсулотлари сотуви билан шуғулланишини очиқлади, холос.
2022 йил якунида Қарши шаҳри марказида 31 метрлик арча ўрнатилиб, марказий кўчалар янги йил шукуҳида безатилган.
Маълумот учун, Сирдарё вилояти, Гулистон туман ҳокимлиги янги йил безаклари учун 400 млн сўм сарфлаган.
Тошкент шаҳри, Истиқлол кўчасидаги майдонга ўрнатилган янги йил бош арчаси эса солиқ тўловчиларга бир ярим миллиарддан кўпроққа тушганди.