Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 14,1 фоизи кам таъминланганларни ташкил этган. Бунда энг кам истеъмол харажатлари сифатида 498 минг сўм белгилаб олинган.
Ўзбекистон яшаш учун энг арзон шаҳарлар рейтингида 10 ўринни эгаллаб турибди (https://worldpopulationreview.com/country-rankings/cheapest-countries-to-live-in). Энг қиммат шаҳарлар рейтингида эса Марказий Осиёдаги давлатлар ичида 4 ўринда туради (https://www.numbeo.com/cost-of-living/region_rankings.jsp?title=2023®ion=143). Кўп ҳолларда камбағаллик даражаси бир неча фоизга камайди, деган гаплар қулоққа чалинади. Хўш, Ўзбекистонда камбағалларнинг яъни кам таъминланганларнинг статистикаси юритиладими?
Rost24.uz сайти мухбирининг ушбу мазмундаги саволига Статистика агентлиги бўлим бошлиғи Умид Мадаминов қуйидагича жавоб берди.
«Ўзбекистон Республикасида аҳоли турмуш даражасини аниқлаш мақсадида танланма равишда уй хўжаликларида кузатув ўтказиб келинади. Бу йилдан бошлаб, яъни 2023 йил бошидан 16 мингта уй хўжалик кузатуви ўтказиш режалаштирилган. Бизни кузатувларимиз Жаҳон банкининг берган методологияси асосида ишлаб чиқилган ва саволномалар асосида ўтказилади. Бунда уйма-уй юриб ҳар бир хўжаликка саволномалар бериб тўлдириб борилади. 2021 йил давомида камбағаллик даражаси 17 фоизни ташкил қилган. 2022 йилда эса бу кўрсатгич 14,1 фоизни ташкил қилган. Бу уйма-уй юриб, аниқлик киритилгандан сўнг кузатув маълумотлари асосида шакллантирилган», деди Умид Мадаминов.
Юқорида келтирилган 17 фоиздан 14,1 фоизига камайган статистика бу камбағал қатламнинг иш билан таъминланганлик даражасини белгиламайди. Балки, статистика агентлиги томонидан уйма-уй юриб саволномалар ўтказилган ҳамда уларнинг натижасида ҳисобланган.
Маълумот учун, 2022 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари миқдорига кўра бир киши учун минимал истеъмол харажатларининг миқдори 498 мингни ташкил этган.
Бундан аввалги, дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 2021 йил нархларида 440 минг сўмни ташкил этган эди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро онлайн маълумотлар базаси – Numbeo ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 4 киши бўлиб яшайдиган оилалар ижара тўламасдан ойига 1 431,42 доллар (15 млн 988 минг сўм) сарфлаб яхши яшаши мумкин. Бир киши учун бу нарх 394,10 доллар (4 млн 400 минг сўм)га айланади.