ТАНИШТИРУВ: мамлакатнинг асосий иқтисодий ўзанини кимлар бошқаради?

01.03.2023 22:24

Рост24 вазирликлар билан таништиришда давом этади.

Собиқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тугатилгани ҳақида хабардорсиз. Улар ўрнида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташкил этилди.

Нафақат икки вазирлик балки, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси каби мамлакатнинг энг муҳим ташкилотлари ўтган энг катта вазирлик раҳбарлари билан таништириб ўтамиз. 

 Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида энди кимлар ишлайди? Бир сўз билан айтганда мамлакатнинг асосий иқтисодий ўзани кимлар қўлига ўтди? 


Иқтисодиёт ва молия вазири – Қудбиев Шерзод Давлатович


Қудбиев Шерзод Давлатович тез-тез муҳокамалар марказига тушиб қоладиган ҳукумат вакили. Асли Фарғоналик 42 ёшли Шерзод Қудбиев Давлат солиқ қўмитасига раислик қилган вақтида журналистни «ёш қизча» деб атаб, халқ номидан савол бермасликка чақиргани билан ёдда қолган. Шунингдек, собиқ депутат Расул Кушербаев билан ҳам суд орқали «ҳисоб-китоб»қилмоқчи бўлгани шов-шувларга сабаб бўлган эди. Фаолияти давомида жуда тез кўтарилган ёшлардан 2016-2018 йиллар Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бўлган. 2018 йилда ҳокимликдан бира тўла Меҳнат вазирига айланди. 2019 йилда президент маслаҳатчиси, 2020-2022 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси сифатида фаолият олиб борган.

***

Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари - Илхом Иброхимович Норкулов

 


У 1981 йил Бухорода таваллуд топган. Меҳнат фаолиятини Марказий банкда бошлаб, турли лавозимларда ишлайди. 2020 йилнинг март ойида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирига биринчи ўринбосар этиб тайинланган. Вазирлик тугатилгач, янги ташкил этилган Иқтисодиёт ва молия вазирига биринчи ўринбосар сифатида фаолият олиб бормоқда.

****

Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари - Эркин Эркамович Рустамов


У тайинловга қадар, яъни 2022 йилнинг сентябрь ойидан буён Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Унгача эса Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, банк-молия тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудирининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритган.

***

Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари - Адиз Музафарович Бобоев


Адиз Бобоев 1972 йил Бухоро вилояти Вобкент туманида туғилган. Молия вазирлиги тасарруфидаги бошқармаларда турли лавозимларда кўп йиллар ишлаган. Тайинловга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирига ўринбосар бўлган.

***

Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари - Анвар Расулович Каримов


У ҳоким ўринбосарлигидан вазир ўринбосарлигига ўтказилди. Яъни тайинловга қадар Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Меҳнат фаолияти давомида Молия вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари сифатида ҳам ишлаган. Маълумот учун 1977 йилда Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган.

***

Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари - Дилшод Шухратович Султанов


Султонов Дилшод Шухратович 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2018 йилдан буён Молия вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди. Аввалроқ у Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи, Ғазначилик бошқармаси бошлиғи каби лавозимларда фаолият юритган.

***

Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари - Гулнора Хашимовна Рахимова


Гулнора Раҳимова 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўз иш фаолиятини 1995 йил Ўзбекистон Миллий униварситетида 1 тоифали муҳандис сифатида бошлаб, 2002-2014 йиллар давомида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида катта ўқитувчи ва катта илмий ходим сифатида фаолият юритган. У тайинловга қадар, яъни 2021 йилнинг июлидан Молия вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Унга қадар Молия вазирлиги Ғазначилик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — Давлат харидлари департаменти директори лавозимида ишлаган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар