1 мартдан бошлаб бензин нархи ошади

27.02.2023 16:25

2022 йилнинг 13 декабридан буён АИ-80 русумли бензин нархи 5700 сўмдан сотила бошланган эди. 

Бунга сабаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2022 йил 12 декабрдаги «Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узликсиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-440-сонли қарорига асосан 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин учун акциз солиғи «ноль» ставкада қўлланилишидир.

2022 йил 1-12 декабрь кунлари 1 тонна АИ-80 русумли автобензин учун ўртача биржа нархи 8096 минг сўмдан 13 декабрга келиб 6295 минг сўмга пастлади. Натижада 1801 минг сўмга арзонлашди. Автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобча {АЁҚШ}ларида 1 литр АИ-80 русумли автобензин нархи 6800 – 7500 сўмдан 5700-6000 сўмгача арзонлашди.

«Ўзбекнефтгаз» матбуот хизматининг Rost24.uz'га берган маълумотига кўра, 2023 йилнинг 1 мартидан акциз солиғи ҳисобланиши ва биржада нархларнинг эркин шаклланиши ҳисобига АИ-80 русумли автобензин нархи ошиши кутилмоқда.

1 мартдан бошлаб биржа савдоларига жойлаштирилган 1 литр АИ-80 русумли автобензин бошланғич нархи 6100 сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Натижада нархлар ўзгариши ҳисобига «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги АЁҚШларда 1 литр АИ-80 автобензин нархи 6800 сўмни, импорт маҳсулоти учун 7000 сўмни ташкил этади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар