Ўзбекистон мактаб ва боғчаларида зилзила вақтида ҳаракатланишга оид билимлар бериладими?

26.02.2023 20:13

Дунёда зилзилалар сони кўпайгани ҳақидаги хабарлардан сўнг зилзила оқибатларидан ҳимояланишга оид билимлар зарурлиги юзага чиқмоқда. Халқаро тажрибада болаларга кичик ёшдан бундай кўникмаларни бериб бошланади. Ўзбекистон таълим муассасаларида ҳолат қандай? Боғча ва мактабларда зилзила бўлганда қандай йўл тутиш кераклиги ўргатиладими?

Рост24.уз ушбу савол билан Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига мурожаат қилди.

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Лайло Рустамова вазирликнинг жавоби сифатида Республика таълим маркази томонидан тайёрланган мақолани ҳавола қилди.

Маълумот учун, мақола Рост24.уз сўровидан сўнг таълим марказининг расмий саҳифасида пайдо бўлган.

Материал умумтаълим мактаблари учун тайёрланган янги дарсликлар ҳақида бўлиб, унда зилзила вақтида қандай ҳаракатланиш дарсликларда тушунтирилгани айтилади. Қайд этилишича, 1-2-3-4-5-6- синфнинг айрим дарсликларида бу борада тушунча берилган.

Аммо, Ўзбекистонда барча болалар эмас, фақат бир қисм мактаб ўқувчиларгина ўқув йилини янги авлод дарсликлари билан бошлаган эди

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг биринчи ўринбосари Шукур Бурхонов бугунгача мамлакатда дарсликларнинг фақат 60 фоизи чоп этилгани ҳақида маълум қилган.

Биргина пойтахтнинг ўзида мактаблар 47 фоизга янги дарсликлар билан таъминланган холос. Вилоятларда бу кўрсаткич яна ҳам паст.

Вазирлик эса ўқувчиларнинг фавқулодда ҳолатларга тайёрлик даражасини қамрови тўлиқ бўлмаган ана ўша дарсликларга боғламоқда.

Қолаверса, вазирлик келтирган материалда зилзила ҳақидаги тушунча фақат 6- синфгача бўлган дарсликларга киритилгани қайд этилган. Умумтаълим мактабларида айни вақтда 11 йиллик таълим жорий этилганини инобатга олса, юқори синф ўқувчилари қуйи синф учун жорий қилинган дарсликлар билан таниш эмас.

Рост24.уз нинг мактабгача таълим муассасаларига (боғчалар) оид сўрови эса очиқ қолди.

Таълим муассасалари ходимларига кўра, ҳали мактабларда фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик бўйича тушунча берилмаяпти.

Исми сир қолишини истаган мактаб ходимларидан бирининг айтишича, юқоридан топшириқ бўлсагина тарғибот олиб борилиши мумкин.

Маълумот учун, Туркия ва Сурияда содир бўлган кучли зилзилалардан сўнг, Ўзбекистонга қўшни Тожикистон, Афғонистон, Қозоғистон ҳудудида зилзилалар қайд этилган. 24 февраль куни Жиззахда ҳам 2-3 баллик зилзила кузатилгани маълум қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар