Бухорода ҳокимлик ходимлари халқ ҳисобидан овқатланади, аммо бу амалиёт бошқа вилоятларда мавжуд эмас

24.02.2023 15:55

Озиқ-овқатга сарфанаётган миллиардлар...   
 
Бухоро вилояти ҳокимликларида ходим ва меҳмонлар бюджетдан бир неча миллиард сўмлик озиқ-овқат билан таъминланадими?

Бухоро вилояти ҳокимнинг 2019 йил "Вилоят ҳокимлиги расмий меҳмонлар қабуллар уйи, туманлар ва шаҳар ҳокимликларини  моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 635-сонли қарорига кўра, ҳокимлик ходимларини бюджет ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминлаш белгиланган.

Демак, иш самарадорлиги ва масъулиятни Бухоро вилояти ҳокимлиги тушликда, деб билган кўринади?  

Қарор асосида Бухоро вилоятининг шаҳар ва туман ҳокимликлари ходимлари бугунгача бюджет ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади. Ҳужжатга кўра, 2019 йилнинг ўзида озиқ-овқат учун Бухоро вилояти ҳокимлигига маҳаллий бюджетдан 5 миллиард 341 миллион сўм ажратилган.    
  
Куни кеча Бухоро вилояти Вобкент тумани ҳокими 23 февралда 17-2-33-F/23 сонли Фармойиш чиқарди. Унда қайд этилишича, ҳокимлик ходимларининг еб-ичишига бюджетдан 205 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳокимлик ҳисобчиси Лутфулло Ражаббовга кўра, “…мазкур маблағ ходимларининг ойлигидан ташқари 3 ойлик бюджет ҳисобидан қопланадиган тушлик харажати. Ушбу Фармойиш Бухоро вилояти ҳокимининг юқорида қайд этилган 2019 йилдаги 635-сонли қарорига асосланиб чиқарилган”.  

Ҳокимлик ходимларини бюджет ҳисобидан озиқ-овқат билан  таъминлаш амалиёти барча вилоятларга тегишли-тегишли эмаслигини билиш учун Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати билан ҳам боғландик.    
 
Матбуот котиби Беҳзод Қобуловга кўра, бундай амалиёт Тошкент вилояти ҳокимлигида айни пайтда мавжуд эмас.
  
– Тошкент вилоятининг 22 та туман-шаҳарида ҳам, вилоят ҳокимлигида ҳам – ҳеч бирида ходимларининг овқатланиши учун пул ажратиш, деган гап йўқ,- дейди у.

Аммо, биздаги маълумотга кўра, вилоятнинг ҳозирги ҳокими Зойир Мирзаевгача бўлган даврда шундай тизим Тошкент вилоятида ҳам мавжуд эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар