У медиада нега кўринмай қолди?
Сўнгги вақтларда медианинг энг қизғин жараёнларидан кунлик ёки кутилаётган ўзгаришларга оид ишоралар бериш билан ҳам машҳур бўлиб бораётган Комил Алламжонов нима учундир шу кунларда ОАВ оламида кўринмай қолди.
Балки, бу жимлик ҳам Алламжоновнинг яна бирон бир ўзгаришга нисбатан ишорасидир.
Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига сўнгги марта 26 январь куни маълумот жойлаган. Шу кундан буён у ўз саҳифасига бир бор хабар ёки «белги» қўйган эмас.
Ажабланарлиси, худди шу сана арафасида "Kompromat.uzb иши» номи билан шов-шувларга сабаб бўлаётган воқеа ҳам содир бўлган эди.
Алламжонов сўнгги хабарида бошланғич синф ўқувчилари учун сифатли дарсликлар, сифатли таълим шу йил сентябрь ойидан бошланишини айтган. Kompromat.uzb ҳам Алламжонов киритаётган янги дарсликларни ёқлаб жадал равишда амалда бўлган дарсликлар ва уларга алоқадор шахсларни турли исботсиз танқидлар остига олган эди.
Комил Алламжоновнинг бу илк бор ғойиб бўлиши эмас. У 2018 йил октябрь ойида ҳам Президент матбуот котиби лавозимидан озод этилгач, бир муддат медиада кўриниш бермаган ва кўпчиликнинг ёдида «чўғда қовурилаётган бир сих кабоб» ишораси билан қолган эди.