"Кам таъминланганларга Умрага боришга кўмак берилади, лекин танлов адолатли бўлиши керак"

19.02.2023 12:33

Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ташрифи вақтида айтиб ўтган

Президент мадраса талабалари билан учрашув давомида сўнгги йилларда Умра ва Ҳаж сафарларига қатнов сони кўпайтирилганини таъкидлади. Муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг Умрага боришга имконияти етмайдиган кам таъминланганлар учун давлат томонидан ёрдам берилиши кераклиги ҳақидаги сўровига жавоб берар экан Мирзиёев танловда таниш-билишчилик ишлатилмаслиги кераклигига ишора қилган.

«Сиздан битта илтимос бўлади, адолатли танлов қилиб берсангиз, хоҳлаганингизча ёрдам бераман. Ҳақиқий кам таъминланганлар истаги албатта ижобат бўлади. Уларнинг рўйхатини шакллантириб беринг. Керак бўлса, у ердаги раҳбарларга ҳам айтиб, уларни алоҳида-алоҳида кутиб оладиган қилиб ташкиллаштирамиз», деган давлат раҳбари. Айнан қачондан бу имтиёзни олиш имкони йўлга қўйилиши ва кимларга берилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Маълумот учун: 2017 йилгача ҳар йили 6 минг киши Умрага борган бўлса, 2018 йилдан Умра учун квоталар 10 мингтага оширилди. 2019 йилда чекловлар бекор қилинди.
2022 йилдан Умрага бориш учун соҳада тур фирмалар фаолиятига рухсат берилди, квоталар сони эса 100 мингга ошди. Монополияни йўқолиши нархларда ҳам акс этди ва ҳозирда тур фирмалар анча арзон нархларни тақдим этишмоқда. Умра сафари учун Тошкент ҳамда вилоят марказларидан Саудия Арабистонига тўғридан – тўғри рейслар ҳам йўлга қўйилган.

Шунингдек Ҳаж сафарида ҳам квоталар ошиб бораётганини кўриш мумкин. 2016 йилга қадар ҳар йили 5200 киши ҳажга борган бўлса, 2017 йилда квоталар сони 7200, 2022 йилда эса 11 минг кишига оширилди.

2023 йилда Ўзбекистонликларга 24 минг квота ажратилган бўлиб, бу йил мавсум июнь ойига тўғри келиши айтилмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар