Одамлар мутасаддилар ҳам газга навбатга туришини сўрамоқда

16.02.2023 14:21

«Телевизорда амалдорлар ваъда берадию, амалда натижа йўқ», дейди метан қуйиш шохобчасида навбатда турган Темур ака. 

Аҳоли метан учун узундан-узоқ навбатлар мавжудлигидан нолимоқда. Метан қуйиш шохобчаларининг ёпилиши, кўпчиликнинг чўнтагига жиддий таъсир қилди. Rost24.uz сайти метан масаласи бўйича мутасадди ташкилотлар муносабатини ҳамда бу муаммо аҳоли даромадига қандай таъсир қилганини ўрганди.

30 январь куни газ қуйиш шохобчалари ишга тушади, деган расмий хабарлар пайдо бўлди. Орадан 3 кун ўтиб, Энергетика вазирлиги томонидан 2 февралдан метан қўйиш шохобчалари фаолияти босқичма-босқич тикланиши маълум қилинди. Лекин ҳанузгача Республикадаги метан қуйиш шохобчалари тўлиқ ишга тушган эмас. Очилган шохобчаларнинг ҳам иш вақти чегараланган. Соатлаб навбат кутаётган Нодир ака - «Тепадагилар» газ бермаяпти халқ қийналиб кетди, дейди мухбир билан суҳбатда. Навбат кутаётганларнинг яна бири «мутасаддилар ҳам бизга ўхшаб навбатда туриб кўришсин», дея таклиф билдирмоқда.

Ўзбекистонда табиий газни харид қилиш ва сотиш ҳуқуқи 2022 йилнинг 1 августидан буён «UzGasTrade» акционерлик жамиятига берилган. Айнан шу компания «Ҳудудгазтаъминот» АЖга табиий газни тўғридан-тўғри шартнома асосида сотади. «UzGasTrade» АЖ вакили rost24.uz мухбирига газ белгиланган миқдорда етказиб берилаётганини маълум қилди. Ҳамда шохобчаларнинг тўлиқ очилиши бўйича қарор маҳаллий ҳокимиятлар томонидан қабул қилиниши кераклигини билдирди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса АГТКШларнинг тўлиқ фаолиятини тиклаши об-ҳавога боғлиқ бўлиб, февраль ойи учун газ қуйиш шохобчаларининг чекланган ишлаш вақти белгиланганини маълум қилди. Шунингдек, Пойтахт ҳокимлигига кўра, об-ҳавога қараб кейинги ойлар учун ҳам шундай иш вақти белгиланиши мумкин.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар