Ўзбекистонликлар учун «Демократия» сўзи бегонами?

14.02.2023 11:51

Ўнлаб йиллардан буён юқори минбарлардан туриб Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар олиб борилаётгани ҳақида маърузалар қилинади.  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1 - моддаси «Ўзбекистон - суверен демократик давлат», деган жумла билан бошланади. Таълим муассасаларида демократия ҳақида бир эмас, бир нечта фанларда маълумотлар берилади. Аммо, негадир «Демократия» сўзи кўпчилик учун бегонадек.

Бу сўзни халқ орасида қандай тушунишмоқда? Ўзбекистонликлар учун демократия нима? Rost24 мухбири шу мазмундаги савол билан юртдошларимизга юзланди.

“Демократия сиз учун нима?”, деб сўралганда: «Сиёсий сўз», «Эркин сўзлаш», «Тинчлигимиз, Янги Ўзбекистон», - деган жавоблар бўлди. Кўпчилик эса билмаслигини қайд этди. Сўровнома иштирокчилари орасида Ўзбекистонда демократия камлигини  таъкидлаганлар ҳам бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Демократия сўзига луғавий изоҳ берилса, юнончадан «халқ ҳокимияти», дея таржима қилинади. Шундан келиб чиқилса халқ бошқарувидаги давлатларга нисбатан «демократик» термини қўлланилади.

Маълумот учун: Британиянинг The Economist Intelligance Unit тадқиқот ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган Democracy Index 2022 рейтингида Ўзбекистон 167 мамлакат ичида 149-ўринни эгаллади. 2021 йилда бу мамлакат рейтингда 150-поғонани эгаллаб турганди.

Рейтинг ташкилотчилари Ўзбекистондаги демократия билан боғлиқ вазиятни 2,12 баллга баҳолаб, мамлакатни «авторитар режим»га эга давлатлар гуруҳига киритган.

Демократия беш тоифада баҳоланди:

  • сайлов жараёнининг сифати ва плюрализм — 10 баллдан 0,08 балл;
  • ҳукумат фаолияти — 1,86 балл;
  • сиёсий иштирок — 2,78 балл;
  • сиёсий маданият — 5 балл;
  • фуқаролик эркинликлари — 0,88 балл.

Ўзбекистонда аввалги икки йилда ҳам худди шундай кўрсаткичлар қайд этилганди.

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар