Топшириқ бор, қарор бор, лекин у бажарилмайди.
Сурхондарёда президент ўтган йўл таъмирланиб, қолгани танг аҳволда қолмоқда. 2019 йилда Президент ташрифи чоғида йўл таъмирланиши кераклиги вазифа сифатида берилганига қарамай ҳамон у бажарилган эмас.
rost24.uz порталига Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидан мурожаат келиб тушди. Қумқўрғон туманига Вазирлар маҳкамасининг қарори, Президентнинг топшириғи етиб бормайдими? Аҳолини қийнаб келаётган, масофаси 19 км бўлган йўл ҳамон таъмирталаблигича қолмоқда. Унда айтилишича, туман ҳудудидан ўтувчи 4Р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг 70-89 км қисмидан фойдаланиш қийинчилик туғдирмоқда.
Таъмир учун маблағ ажратилган, аммо...
Биз вазиятни ўрганиб чиқиш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 октябрдаги 871-сонли қарори билан танишдик. Унда, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида йўл-транспорт инфратузилмаси тизимини яхшилаш ва электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ҳамда алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш назарда тутилган. Шу сабабли, 4Р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг 70 — 79 км оралиғидаги таъмирталаб қисмларини жорий таъмирлаш учун Республика бюджетидан маблағ ажратилган.
2019 йилда Президент таъмирлаш бўйича топшириқ берган
Шунингдек, Президентнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига бўлган ташрифи чоғида ҳам 4Р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг Қумқўрғон ва Шўрчи туманлари ҳудудидан ўтган 70-89 км қисмини 2020 йилда жорий таъмирлаш вазифаси берилган эди. Аммо, президент берган вазифа орадан икки йил ўтсада, бажарилган эмас.
Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, йўллар қисман таъмирланган ва 2/3 қисми эса таъмирталаб ҳолича ташлаб қўйилган. Бу муаммо бир неча бора кўтарилган, ҳоким қабулига бир неча марталаб борилган, аммо натижа йўқ. Бу автомобиль йўлидан 8 та маҳалла фуқаролари фойдаланади. Туманнинг Тўда, Ғалаба, Шерози, Чўкирли маҳаллалари ҳали асфальт қилинмаган, Исломобод маҳалласининг ҳудудидан ўтувчи йўлнинг эса ярмида ишлар якунланмасдан қолиб кетган.