Кеча “Халқаро пресс кулб”нинг биносида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи масъуллар баландпарвоз ҳисоботлар ҳақида гап сотаётганда Тошкентда 12 ёшли қиз педофилия қурбони бўлди.
Йиғинда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Гулнора Маъруфова эса қизчанинг ота-онасига сабр тилашдан нарисига ўтмаган. "Бундай ҳолат ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Қизчанинг ота-онасига ҳам тўзим берсин, бу жуда оғир ҳолат" , деган у.
Жамоат фаолларига кўра, ҳодиса сабаби — Ўзбекистонда педофилияга қонунчиликда енгил жазолар белгилангани билан боғлиқ. Хусусан, блогер Шаҳноза Соатова педофилияга қонунчиликда жавобгарлик белгилангани, бироқ аслида янаям жиддий чоралар, жиноятнинг олдини олиш механизмлари кераклиги, реестр, кимёвий кастрация, риск гуруҳлари билан мақсадли ишлашни кучайтириш зарурлигини билдирмоқда.
Шу ўринда, депутатларларга нисбатан жиддий савол туғилади – нимага шу кунгача бу борада тайинли иш олиб борилмаган?
Педофилия бўйича "юмшоқ супурги" қонунларни таклиф қилган депутатларнинг ўзи бундай оғир жиноят ҳақида тасаввурга эгами?
ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ҚОНУНЧИЛИК
2021 йилда Ўзбекистонда вояга етмаган шахслар билан жинсий алоқада бўлганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирувчи жазо белгиланганди.
Ҳужжатга кўра, Жиноят кодексининг 128-моддасига (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш) ўзгартириш киритилган. Унда ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлганлик учун қайсидир маънода жазо кучайтирилгандай бўлди ва жазо сифатида бор-йўғи 480 соат жамоат ишлари ёки 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари қайд этилди. Унгача Ўзбекистонда педофиллар 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиб келинган.
Шу ўринда яна депутатларимизга юзланамиз — бу ўзгартиришни кучайтириш, деб аташ мумкинми?
Маълумот учун, ҳатто Россияда педофиллар Қозоғистондаги каби 20 йилгача қамоқ ёки умрбод қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин. Бундан ташқари, суд ҳуқуқбузарни мажбурий даволанишга, жумладан, кимёвий кастрацияга юбориши ҳам мумкин.
Шунингдек, педофилия учун ўлим жазосига дунёнинг 57 давлатида расман рухсат берилган. Қатлнинг асосий турлари — осиб қўйиш, отишма, ўлдирадиган инъекция, бошини кесиш ва электр стул кабилар.
Педофилларни қатл қилиш Хитой, Лотин Америкаси, Эрон, Ироқ, Жанубий Корея, Саудия Арабистони ва баъзи шарқий мамлакатларда қўлланилади. Бу борада энг оғир жазо Африкада бўлиб, болаларга қилинган зўравонлик учун бу мамлакатда педофиллар тириклайин ёқиб юборилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев ўз саҳифасида ҳолат бўйича “Қонунчиликда айбдорни жазолаш чораларини янаям кучайтиришни назарда тутувчи ўзгаришлар керакми, дея савол қўйган. —Биз бунга киришамиз, қонунчиликда белгиланган энг оғир жазо турини белгилаш бўйича ишлаймиз. Бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкинмас. Биз болаларимизни бегона, ёвуз ниятли кишилардан эҳтиёт бўлишга ўргатишимиз шарт”, деб ёзади депутат.
Бизда эса уларга нисбатан янада жиддий саволлар туғилади: қачон, яна қанча болалар педофилларнинг қурбони бўлганидан сўнг масалага эътибор қаратмоқчи эдингиз?!
Мафтуна Каримова