Тарихчи олим Баҳром Ирзаев "Йил танлови" маросимига "Асрга татигулик кун", дея таъриф берди

01.02.2023 08:15

Азизлар, тонгдан Миркомилбой ҳақида куймаланиб неча сайтларни титкиладим. Бир нарсани фейсбук саҳифамга жойлаган бўлиб, қадрдон талабаларим сари югурдим.

Айни тушлик вақтида Rost24.uz тадбирига йўл олдим. Шундай илиқ давраки, бирорта юзи иссиқ бўлмаган одамни кўрмадим. Жаҳондаги ва мамлакатимиздаги ҳамма таниган ўзбек журналистларининг энг сара ва улуғларини кўриш, таниқли блогерлар билан кўришиш имконияти! Ҳамма юқори кайфиятда, миллат асрлар оша орзу қилган бирлик кунини орзиқиб кутаётгандек эди.

Тадбир ташаббускори Анорахон ўз сўзини барчага “рост гапиртирадиган чой” ичирганидан бошлади. Йил давомида ўз вазифасини ростакамига олиб борган қаҳрамонлар бирин-кетин минбарда ўз мукофотларини ола бошлади. Мен икки нуқтада ақлдан озар даражада ҳаяжонга тушдим. Биринчиси, саҳнада буюк Чўлпоннинг “Гўзал Туркистон” мадҳияси жонли овозда жаранглади.

Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?

Саҳар вақтида гулларинг сўлди.

Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,

Ҳаммаси маҳзун,  бўлмасму дил шод?

Билмам не учун қушлар учмас боғчаларингда?

Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,

Умидимизнинг сўнмас чироғи.

Бирлаш эй халқим, келгандир чоғи,

Безансин энди Туркистон боғи.

Қўзғал, халқим, етар шунча жабр-у жафолар!

Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,

Қуллие, асорат – барчаси ёнсин.

Яйраб-яшна ўз Ватанинг, гул боғларингда!

Ўзбекистон байроғи саҳна четида ҳам, ҳар биримизнинг қўлимизда ҳам ҳилпиради. Олдимда истеъфодаги полковник Шокир Долимов, ёнимда тиббиёт олими, қаҳрамон Зариф Ибодуллаев. Бир хаёлимга тик туриб, уларнинг қўлидан тутиб, бор овозим билан куйлагим келди. Аммо ҳали бу даражада бирдамликка эришолмаганимиздан афсусланиб, тик турган ҳолда юқоридаги Турон мадҳиясини ҳазин куйлашга тутиндим.

Мониторда миллий қаҳрамонларимиз Беҳбудий, Мунавварқоридек миллат устозлари, Иброҳимбек Лақай, Муҳаммад Аминбек, Шермуҳаммадбекдек ғозийларимиз, муфти Садриддинхон, Носирхон тўрамдек уламоларимиз сурати айланиб турди.

Иккинчи ларза, замонамизнинг Чўлпони Шаҳриёр Шавкат саҳнада аёл матонатига битган ашъорини ўқиди. Мониторда куни кеча биз сақлаб қололмаган, доридан вафот этган масъум гўдакларнинг, йиғидан шишиб кетган бахтсиз оналарнинг суратлари, баттол малъунларнинг қўлидан 15 ёш фарзанди мурдасини олган она! Кўксида қалби бор ҳар қандай инсонни даҳшатга соладиган машъум саҳна. Аслида, бу бизнинг ойнадаги бугунги ҳақиқий аксимиз эди! Шу жойида чидай олмай, иқтидорли шоир Раҳмат Бобожон билан бир кўчага чиқиб айланиб, ўзимизга келдик. Тадбирга қайтиб кирдик.

Бир финжон қаҳва атрофида “Халқ билан бирлик” номинацияси ғолиби, қорақалпоғистонлик бовуримни қутлаб бағримга босдим. Анчадан буён кўришишни орзу қилиб юрган Навбаҳор Имомова билан икки дақиқа суҳбатлаша олдим. Мен минг йилдан буён таниган қадрдонимни, сирдошимни кўргандек бўлдим, қониқдим.

Буларнинг барчаси аслида буюк ўзгаришларнинг ибтидосидир!

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
23
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар