Узоқ вақтдан буён сукут сақлаётган Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ниҳоят тилга кирди.
Rost24.uz сайти томонидан ташкил қилинган “Йил танлови”да мазкур қўмита журналистлар томонидан "Энг ёмон ишлаган ташкилот", деб топилган эди. Эндиликда ташкилот ходимлари бир неча кундан буён сайтимизнинг тармоқлардаги барча саҳифаларига ахборот ҳужумларини уюштирмоқда.
Биздаги маълумотларга кўра, ходимларга шундай қилишга топшириқ берилган.
Фарғоналик аёлнинг ички ишларга олиб кетилган ўғли ўлдирилиб, она адолат учун қақшаганда ҳам сукут сақлаган ташкилот, журналистлар танловидан кейин қандай "овоз"га эгалигини намоён қилмоқда.
Буни Rost24.uz порталида минглаб қолдирилаётган изоҳлардан пайқаш мумкин.
Самарқандда ёш келин ўзи ва уч фарзандини сувга ташлаганда, Қуйи Чирчиқда 24 ёшли аёлга эри томонидан шафқатсизларча суиқасд қилинганда мум тишлаган ташкилотнинг ҳайқириғини жамоатчилик фақат шу кунларда эшитаётгандай...
Аслида юқоридаги воқеалар 2022 йилда расмий ташкилотлардан мадад кутган аёлларнинг фожиаси, жамиятни ларзага келтирган ҳодисалар.
Демак, журналистларнинг «Энг ёмон ишлаган ташкилот» борасидаги танлови ҳам бежиз эмас.
Қўмитанинг бугунги фаоллигини "троллик компанияси" фонида эмас, миллат аёлларини жумбушга келтирган фожиалар устида ҳам кутиб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, "ЙИЛ ТАНЛОВИ — 2022"да энг ёмон ва самарасиз ишлаган тизимлар рўйхати эълон қилинди.
2022 ЙИЛДА ЭНГ САМАРАСИЗ ИШЛАГАН ТУЗИЛМАЛАР:
➖ Соғлиқни сақлаш вазирлиги
➖ Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги
➖ Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси
➖ Сурхондарё вилояти ҳокимлиги