“Рост24” таҳририяти ташкил этган "Йил танлови – 2022" маросими Ўзбекистон учун тарихий воқеа бўлди. Ушбу тадбирга йўл қўйилишининг ўзи, унда турли, бундан бир неча йил аввал ҳатто номи тилга олинмайдиган ташкилот ва ОАВ вакилларининг иштирок этишини, улардан айримларининг ўз йўналиши бўйича ғолиб деб тан олинишини тасаввур ҳам қила олмасдик.
Бу жуда муҳим ва ибратли тадбир бўлди ва агар “туғилди-ю бўғилди” принципи амал қилмаса, аниқроғи, амалдорлар ушбу ташаббусни бўғишдан ўзини тия олса, ҳақиқий жонкуярлар, фидойилар учун маънавий рағбат эшиклари очилган бўларди.
Аслида, ривожланган демократик мамлакатларда журналистларни, ижод аҳлини, ижтимоий фаол шахсларни давлат эмас, жамоат ташкилотлари қўллаб-қувватлайди, рағбатлантиради, мукофотлайди. Тўғри-да, мукофот ҳукуматга, у ерда ўтирган амалдорларга яхши кўриниш йўлида ҳаракат қилганларга эмас, халққа хизмати синганларни рағбатлантириш учун берилади.
Мисол учун журналистика соҳасини оладиган бўлсак, ривожланган мамлакатларда алоҳида хизматлари учун ҳамкасбларимизни жамоат ташкилотлари мукофотлайди. Масалан, энг оғир ва хавфли йўналиш бўлган журналист текшируви бўйича фаолият юргизган журналистларни рағбатлантириш учун турли давлатларда бир нечта жамоат тишкилотлари томонидан мукофотлар жорий этилган.
Хориждаги энг нуфузли мукофотлардан бири Пулитцер номи билан аталади ва журналистика, адабиёт, мусиқа ҳамда театр соҳасидаги сара асарлар муаллифларига 1917 йилдан бериб келинмоқда.
Ўзбекистонда бундан 25 йил аввал халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, турли фондлар томонидан журналистлар учун танловлар ўтказиш анъанага кира бошлаган эди. Ҳар йили 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни фаол журналистлар мукофотланарди. Уларни аниқлашда ўша ташкилотлар томонидан тузилган жюри холисона хизмат қиларди. Жюри таркиби Карим Баҳриев, Аъло Хўжаев, Гулнора Бобожонова, Амирқул Каримов ва бошқа инсонлардан иборат эди.
Халқаро ташкилотлар, фондлар мамлакатимиздан қувилгандан сўнг “Олтин қалам” номи остида ўзимизга хос ва мос танлов ўтказила бошланди. Агар чорак аср давомида ўтказилган танловлар ва уларнинг қандай ташкил этилганлиги, нечтасида қатнашиш учун мақолаларимни тавсия қилганлигим, ўша даврдаги Журналистлар уюшмаси раисларининг муносабати ҳақида ёзадиган бўлсам, битта китоб бўлади. Ҳозир бунга тўхтаб ўтирмайман. Аммо ҳозирги ёшлар, жумладан, "Йил танлови – 2022" тадбирини ўтказганлар билиши, қандай ишлар бўлганлигидан хабардор бўлиши учун бир вақт бу ҳақда гапириш лозимдек, назаримда.
Қанийди, "Йил танлови – 2022" мамлакатимизда янги даврни бошланишига ишора бўлса! Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ушбу тадбир муҳим ижтимоий ва сиёсий аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб, пароканда жамиятимизни бирлаштираётганлигини таъкидлайди. “Бир сўз билан айтганда, бу тадбир Ўзбекистон халқи ва давлатини ишонч кўприги орқали бошғлашга интилмоқда. Сўз ва ахборот ташаббусини Ўзбекистонни ичида, айннан ҳокимиятга эшитарли ҳолда парваришлашга қаратилган миссия ролини ўйнамоқда”, – дейди сиёсатшунос.
Энг муҳими, давлатга тобе ташкилотлар томонидан ўтказилган танлов ғолибларини аксарият ҳолларда оддий одамлар, жамият тан олмасди, кўп ҳолларда "Давлат томонидан тақдирланганлар – унвонлар, ордену медаллар олганларининг ҳаммасини ҳам биламизми?” деган савол ўртага ташланарди. "Йил танлови – 2022" ҳақида сўз юритганларнинг барчаси "Ҳақиқатдан ҳам мукофот ўз эгасига топширилибди”, демоқда. Жамиятнинг мукофотланганларга нисбатан муносабати ўзгарганини қаранг!
ОХИРИДА АЙТАДИГАН СЎЗЛАРИМ. Мен маҳалла раиси сифатида асосий вақтимни маҳалламиз аҳолиси ишончини оқлашга сарфлаяпман. Имкон қадар, вақт топиб, ижтимоий муаммоларни кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этишга интиляпман. Афтидан, ушбу фаолиятим "Йил танлови – 2022" танлови ташкилотчилари талаб даражасидан паст бўлгандир. Ҳеч гап эмас. Одам нимага қодирлигини ҳар кун, мунтазам кўрсата билиши керак. Шундай эмасми?
Тошпўлат Раҳматуллаев